ЎзА Ўзбек

31.08.2018 15:00 Чоп этиш версияси

Давлат мукофотлари топширилди

Давлат мукофотлари топширилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 28 ва 29 август кунлари қабул қилинган фармонларига кўра, Ватанимиз мустақиллигининг йигирма етти йиллиги муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди. Улар қаторида Самарқанд вилоятидан ҳам турли соҳа ходимлари, фахрийлар бор.

Энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи ҳукм сураётган шу кунларда Самарқанд вилояти ҳокимлигида ушбу мукофотларни тантанали топшириш маросими ўтказилди.

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов маросим қатнашчиларини табриклаб, Ватан равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида қилинган меҳнат ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслиги, муносиб рағбат топиши, эҳтиром кўрсатилишини таъкидлади.

– Вилоятимизда ҳам жамият ҳаётининг турли соҳаларида фаол меҳнат қилиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада обод бўлиши, халқимиз фаровонлиги ошишига катта ҳисса қўшаётган инсонлар кўп, – деди Э.Турдимов. – Уларнинг фидокорона меҳнати доимо эъзозланиб, қадр топмоқда. Бу йил Мустақиллик байрами арафасида Президентимиз фармонларига кўра 14 нафар ана шундай фидойи юртдошимиз давлат мукофотларига сазовор бўлди. Уларни бутун вилоятимиз аҳли номидан самимий муборакбод этамиз.

Маросимда юксак давлат мукофотларини Президентимиз номидан Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов тантанали топширди.

– Юртимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликни сўз билан ифодалаш қийин, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, “Нуроний” жамғармаси Нуробод тумани кенгаши аъзоси Эштурди Раҳимов. – Президентимиз ҳар бир чиқишларида ёш авлод таълим-тарбияси, келажаги ҳақида куюнчаклик билан гапириб, барчани ушбу масалага алоҳида эътибор қаратишга ундамоқда. Ушбу юксак мукофотни ҳам самарқандлик барча нуронийларга берилган деб қабул қилиб, бундан буён ҳам бутун куч-ғайратимизни ёшларнинг чинакам мураббийи сифатида ўз ҳаёт тажрибамиз билан уларни тўғри йўлга бошлашга сарфлаймиз.

Президентимиз фармонига кўра, “Жасорат” медали билан тақдирланган нурободлик ҳунарманд-тикувчи Зилола Худоёрова ҳамда “Шуҳрат” медалига сазовор бўлган юз ёшдан ошган иштихонлик Абув Муҳаммадиевга давлат мукофотлари уларнинг хонадонида топширилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА
4 250