ЎзА Ўзбек

10.12.2019 Чоп этиш версияси

Давлат мадҳияси мусиқаси муаллифи – Мутал Бурҳоновнинг уй-музейидан суратлар

Давлат мадҳияси мусиқаси муаллифи – Мутал Бурҳоновнинг уй-музейидан суратлар

Мадҳиямиз – халқни ягона мақсад йўлида бирлаштиришга қодир миллий қўшиғимиздир. Унда юртимиз таровати, халқимизнинг бой ўтмиши, келажакка мустаҳкам ишончи, мақсад-маслаги мужассам.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган мадҳиямиз янграганда қалбимизда фахр-ифтихор туйғулари жўш уради.

Бухоро шаҳрининг Баҳоуддин Нақшбанд кўчасида миллий мусиқа санъатимизнинг буюк намояндаси Мутал Бурҳоновнинг уй-музейи ташкил этилган. Композитор Мутал Бурҳонов умрининг охирида - 1997-2002 йилларда ўзи туғилиб ўсган шаҳардаги ушбу уйда яшаган.

2.JPG

7.JPG

Ўзбек композиторлик мактаби асосчиларидан бири, биринчи ўзбек хор жўрлиги асарлари муаллифи Мутал Бурҳонов ижодий фаолияти давомида турли жанрларда юксак бадиий асарлар яратди. Унинг ижодига мансуб “Мангу хотира” марсияси, “Навоий қасидаси”, “Севги номи ила”, “Шоир орзуси”, “Шундай қилиб сен кулмадинг” романслари, “Она ер”, “Зар иплар”, “Баҳор” қўшиқлари, “Мафтунингман”, “Ибн Сино”, “Орол балиқчилари”, “Сурайё”, “Истиқбол йўли” каби бадиий фильмларга ёзган мусиқалари миллий санъатимиз хазинаси дурдоналаридандир. Шу ўринда, ижодкорнинг “Алишер Навоий” операси, Абдураҳмон Жомий шеърига басталаган “Ширу шакар” қўшиғи, Файзулла Хўжаев, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат ҳамда ўз акаси, амакилари хотирасига бағишлаб яратилган “Абадий хотира” марсиясини алоҳида қайд этиш жоиз.

8.JPG

9.JPG

Музей “Мутал Бурҳонов умр йўли”, “Бастакорнинг ижод хонаси”, “Эътироф, эҳтиром”, “Мусиқа тарихи” каби бўлимлардан иборат. Масканда бастакор ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ 2 мингдан ортиқ фото суратлар, турли ҳужжатлар, мусиқа асбоблари, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари жой олган. Унинг ижодхонасидаги иш қуроллари ва бошқа шахсий буюмлар томошабин эътиборини тортиши, шубҳасиз. Уй-музейида Марказий Осиёда мусиқа санъати ривожланишига оид ҳужжатлар, XVIII асрда Бухорода шаклланган “Шашмақом”нинг дастлабки нотага солиниши, у билан боғлиқ илк тадқиқотлар, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мусиқасининг яратилиш жараёни акс этган лавҳалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бу экспонатлар ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, тарихий ва маданий меросга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

13-faqat saytga.JPG

14-faqat saytga.JPG

15.jpg

3 391
ЎзА