ЎзА Ўзбек

16.01.2020 Чоп этиш версияси

Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари аҳоли манфаатига хизмат қилади​

Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари аҳоли манфаатига хизмат қилади​

Мамлакатимизда давлат-хусусий шериклик йўналиши жадал ривожланиб бормоқда. Шу асосда қулай инвестиция муҳитини яратиш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга эришилмоқда.

2019 йил 10 майда Ўзбекистон Республикасининг "Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги қонуни қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги шу соҳада давлат сиёсатини амалга оширувчи ягона ваколатли орган деб белгиланди.

photo5260736756486089990.jpg

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори Ғолиб Холжигитов мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

photo5260736756486089988.jpg

Унинг таъкидлашича, давлат-хусусий шерикликнинг ўзига хос тартиб-талаблари бор. Бу йўналиш таълим, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, автомобиль йўллари каби соҳалардаги инфратузилма лойиҳаларини амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга.

– Ҳозирги кунда давлат-хусусий шерикликнинг иқтисодий тармоқлари, бу – электр энергиясини ишлаб чиқариш, транспорт, телекоммуникация, коммунал хўжалик, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм соҳаларидир, – деди Ғ.Холжигитов. – Агентлик томонидан мазкур йўналишларга инвестицияларни жалб қилиш борасида қатор ишлар қилинмоқда. Масалан, мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда 9,65 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 17 давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Улардан 10 таси энергетика, 2 таси транспорт, 3 таси коммунал хўжалик, 2 таси соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига тўғри келади.

photo5260736756486089989.jpg

Мутахассисларнинг фикрича, давлат-хусусий шериклик янги тизим ҳисобланади. Бу йўналиш Европа давлатларида яхши ривожланган. Унинг тарихи қадимий даврларга бориб тақалса-да, бироқ тизим 1990 йилдан бошлаб Буюк Британияда ривожлана бошлаган. Яна бир маълумот, Австралияда 50 миллион долларгача бўлган миқдордаги лойиҳалар давлат-хусусий шериклиги аралашувисиз амалга оширилар экан.

Хўш, бу йўналиш кимлар учун ва моҳияти нимадан иборат?

photo5260401907950791920.jpg

Аввало, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари аҳоли манфаатига хизмат қилиши керак. Демак, бу фаолият турида аҳоли манфаати биринчи ўринда туради. Бироқ лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишда икки тарафнинг иштироки ва имкониятлари муҳимдир. Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги бу жараёнда ягона ваколатли орган сифатида иштирок этади. Бу йўналиш давлат бюджетига кўмак берувчи ва ижтимоий соҳалар ривожида муҳим бўлиб, хорижий инвестицияларни жалб қилишга хизмат қиладиган бугунги куннинг энг замонавий ва самарали механизми ҳисобланади.

– Ўтган йилда 40 нафар ходимимиз халқаро сертификатга эга бўлди, – деди агентлик бош мутахассиси Баҳодир Омонов. – Шунга қарамасдан, яна вазирлик ва идоралар ҳамда ҳудудлар учун мутахассислар ўқувини ташкил қилишимиз галдаги вазифамиз. Қонун билан давлат-хусусий шериклик лойиҳалари 3 йилдан 49 йилгача қилиб белгилаб қўйилди. Шунингдек, лойиҳаларни амалга ошириш ҳам уч тартибда белгиланди. Биринчи тартиб миқдори 1 миллион доллар, иккинчиси 1 миллиондан 10 миллион долларгача ва учинчиси 10 миллион доллардан ортиқ миқдордаги лойиҳалардир.

photo5260401907950791919.jpg

3 359
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, Муҳаммад АМИН​ (сурат), ЎзА