ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Давлат хизматларидан электрон фойдаланиш орқали ўзингиз ва бошқаларни хавфдан асранг

Давлат хизматларидан электрон фойдаланиш орқали ўзингиз ва бошқаларни хавфдан асранг

Коронавирус пандемияси туфайли жаҳоннинг аксарият давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам қатор чекловлар жорий этилмоқда. Бу, пандемия тарқалишининг олдини олиш, аҳолининг хавфсизлигини таъминлашда муҳим, албатта.

Лекин ҳаёт давом этар экан, мураккаб вазиятга қарамасдан аҳолининг кундалик, шу жумладан, давлат хизматларига бўлган эҳтиёжи тўхтамайди. Ушбу вазиятда тегишли ташкилотлар тавсиясига мувофиқ, эҳтиёжни масофадан (онлайн) қаноатлантириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада давлат хизматлари марказлари ҳам жисмоний ва юридик шахслардан ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишни сўрайди.

Тошкент вилояти туман (шаҳар) давлат хизматлари марказларига 2019 йилда фуқаролардан 977 минг 470 та мурожаат келиб тушган. Шундан 99,3 фоизи шахсан давлат хизматлари марказларига келган ҳолда топширилган бўлса, бор йўғи 0,7 фоизи ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали келиб тушган.

2020 йилнинг ўтган икки ойида 22 минг 673 нафар, шундан 19 минг 448 нафар жисмоний шахсга давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзо сертификати берилган.

Аниқроқ қилиб айтганда, ҳозирги кунда 158 минг 618 нафар шахс ўзларига керакли бўлган хизматларга оид масалани давлат хизматлари марказларига шахсан келмасдан ЯИДХП орқали, яъни қонун ҳужжатларига мувофиқ берилган имтиёздан фойдаланиб, ҳал этиши мумкин. Бу билан фуқаронинг қимматли вақти тежалади, белгиланган йиғимни ЯИДХП орқали мурожаатга нисбатан қўлланиладиган имтиёз асосида камроқ тўлаш имкониятига эга. Энг муҳими, уйидан чиқмасдан мурожаат қилиш орқали ҳал этиши ҳамда сўраган ҳужжатларини олиши мумкин. Бугунги кунда бундай хизматжуда ҳам муҳим ҳисобланади.

Қабул қилинган қонун ҳужжатига мурожаат қиладиган бўлсак, давлат хизматлари марказларига ЯИДХП орқали мурожаат қилган шахсларга қай даражада қулайлик яратилгани, яъни имтиёз берилгани янада тушунарлироқ бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги тегишли қарори билан электр энергиясини ҳисобга олиш ускунаси (ҳисоблагич)ни ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Ушбу регламентга кўра, давлат хизматини олиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этганда мазкур маъмурий регламентнинг 15-бандида кўрсатилган йиғимлар, жисмоний шахслардан (маиший эхтиёжлар учун электр энергиясидан фойдаланувчи жисмоний шахслардан ташқари) базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи, яъни 44 минг 600 сўм ундирилади. Мазкур портал орқали мурожаат қилган шахс эса ушбу маблағнинг 90 фоизини тўлайди ҳамда ортиқча вақт сарфламайди.

Давлат хизматлари марказларига судланганлик ҳақида маълумотнома бериш бўйича 31 минг 236 та ариза берилган бўлиб, бирорта фуқаро бу масалада ЯИДХПга мурожаат қилмаган. Фуқаро ЯИДХП орқали ариза берганда 22 минг 300 сўм ўрнига 20 минг 70 сўм тўлар эди. Шунда ҳар бир фуқаро 2 минг 230 сўмдан тежаб қолади. Буни аризачилар сонигакўпайтирсак, 69 миллион сўмдан ортиб кетади.

Шунингдек, турар жой тоифасидаги кўчмас мулк объектлари бўйича кадастр хизматини кўрсатиш бўйича ундириладиган йиғимларнинг тўланишида ҳам 3 минг 780 та ариза олинган. Мазкур фуқаролар ЯИДХП орқали мурожаат қилганида тўловларда 10 фоизлик имтиёздан фойдаланган бўларди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган давлат хизматларининг ҳар бир тури бўйича “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилига кўра, давлат хизматлари кўрсатиш механизми жорий этилган. Ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар зарур ҳужжатлар ва ахборотларни бошқа тузилмалардан мустақил равишда олиши ҳисобига соддалаштирилган.

Шунинг учун ҳар бир юртдошимиз яртилган бундай қулайлик ва берилган имтиёзлардан самарали фойдаланмоғи лозим. Айниқса, коронавирус пандемияси сабаб имкон қадар уйда қолиш тавсия этилаётган мураккаб бир вазиятда бу жуда ҳам муҳим.

Умурзақали БЕРДИЕВ,
Давлат хизматлари агантлиги
Тошкент вилояти бошқармаси
бош маслаҳатчиси.

518
ЎзA