ЎзА Ўзбек

27.08.2018 18:49 Чоп этиш версияси

Давлат хизматлари: тезкор ва қулай

Давлат хизматлари: тезкор ва қулай

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган давлат хизматлари марказлари жисмоний ва юридик шахсларга намунали хизмат кўрсатмоқда.

Буни Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани давлат хизматлари маркази фаолияти мисолида кўриш мумкин. Жорий йилнинг ўтган даврида марказда 1 минг 458 тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган. Шундан 338 таси юридик, 1 минг 120 таси жисмоний шахслардир.

1 (1).jpg

– Марказ томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 12 минг 900 га яқин давлат хизматлари кўрсатилди, – дейди марказ директори Бахтиёр Сатторов. – Кўрсатилаётган хизматлардан аҳоли мамнун. Боиси марказга қилинган мурожаатлар тез ва осон битади. Бундан ташқари, ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатиш мақсадида тумандаги бозор, савдо мажмуалари ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларига юридик ва жисмоний шахсларга белгиланган тартибда давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Умумий ҳисобда ҳозирги кунда юридик ва жисмоний шахсларга 70 турдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

Дарҳақиқат, давлат хизматлари фаолиятининг йўлга қўйилиши фуқароларнинг ҳам вақти, ҳам маблағини тежашга хизмат қилмоқда. Аҳоли томонидан қилинаётган ҳар бир мурожаат эътиборда.

3.jpg

– Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида 30 сотих ер олган эдим, – дейди яккабоғлик Учқун Эшмўминов. – Шу жойни деҳқон хўжалигига айлантириш бўйича давлат хизматлари марказига мурожаат қилдим. Мурожаатим тезда кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди. Ерни ҳужжатлаштириш ишлари ортиқча оворагарчиликсиз ҳал бўлди. Бундан жуда мамнун бўлдим. Боиси бу муаммога илгари ҳам дуч келганман. Бир маълумотнома олиш учун туман марказига уч кун қатнаган кунларимиз ҳам бўлган.

Ў.Баротов, ЎзА
4 652