ЎзА Ўзбек

14.08.2019 Чоп этиш версияси

Давлат хизматлари маркази: Қулай ва тезкор

Давлат хизматлари маркази: Қулай ва тезкор

Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси ва унинг жойлардаги шаҳар-туман марказлари томонидан амалга оширилаётган хизматлар аҳолининг қатор соҳалардаги овораю сарсонгарчиликлари, молиявий сарф-харажатларга чек қўймоқда.

Агентликнинг вилоят бошқармасига қарашли туман ва шаҳар марказлари орқали жорий йилнинг ўтган даврида аҳолига 210 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Шундан 1 минг 140 нафарга яқин фуқаро давлат хизматларидан мустақил равишда ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фойдаланди.

Яқин вақтлардан буён аҳоли ўртасида давлат хизматлари марказлари ўзининг қулайлиги ва кенг қамровли хизматлар кўрсатаётгани билан тобора яқинроқ танилиб бораётгани айни ҳақиқат.

Айниқса, фуқароларнинг ноқонуний қурилиш иншоотларини қонуний рўйхатга олиш бўйича эълон қилинган акция доирасида кўплаб ноқонуний уй-жойлар рўйхатга олиниб, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилгани аҳолининг оғирини енгил қилди.

Фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш бўйича навбатга қўйиш тизимининг жорий этилиши ота-оналарни ортиқча қоғозбозлик, таниш-билишчилик ва коррупция иллатидан қутқарди, десак муболаға бўлмайди.

– Жорий йилнинг ўтган даврида марказимиз ходимлари томонидан 41 мингдан ортиқ шаҳарликларга давлат хизматлари кўрсатилди, – дейди Гулистон шаҳар давлат хизматлари маркази директори Ином Юлдашев. – Жумладан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилганлар сони 236 нафарни ташкил этди. Шу ўринда, марказимизда давлат хизматларидан фойдаланувчилар сони тобора ортиб бораётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

– Марказга 2014 йилда туғилган қизимни уйимизга яқин бўлган 11-сонли мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун навбатга электрон туриш мақсадида мурожаат қилдик, – дейди Гулистон шаҳрида яшовчи Абдуллоҳ ва Моҳина Аҳмадийлар. – Эр-хотин икковимиз ҳам ўқитувчимиз, мактабда ишлаймиз. Кун бўйи ишда бўлганимиз сабабли фарзандимизни боғчага жойлашга эҳтиёжимиз бор. Мана, ҳозир бизга 56-навбатда эканлигимиз ҳақида маълумот берилди. Марказдагиларнинг муомила ва хизмат кўрсатиш маданиятидан жуда мамнун бўлдик.

Бу йилдан бошлаб жорий этилган олий таълим муассасаларига ҳужжат қабул қилиш бўйича янгиликнинг қулай ва соддалигини алоҳида эътироф этиш лозим.

Яқиндан бошлаб марказда электрон навбат тизими йўлга қўйилган бўлиб, мурожаатчилар кўп бўлган вақтларда бу жуда қўл келаётган экан. Марказга мурожаат қилувчилар учун яратилган қулай шароит ва ходимларнинг самимий муносабати ҳамда хизматларнинг тезкорлиги одамлар қалбида давлат хизматларидан розилик ҳиссини уйғотаётгани шубҳасиз.

Ҳозирги пайтда электрон хизматлар осон ва қулайлиги учун оммалашиб бормоқда. Истаган мурожаатчилар марказда ўрнатилган инфокиоск орқали давлат хизматларидан онлайн тарзда фойдаланиши мумкин. Олтинга тенг вақтни йўл ва навбат кутишга сарфлашга ҳожат қолмайди. Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида давлат божларини “Payme” ва “Upay”, “Click” каби тўлов тизимлари орқали ҳам амалга ошириш мумкин.

Хулоса ўрнида айтганда, давлат хизматлари марказлари аҳолига қулай, содда, инновацион тарзда белгиланган хизматларни бекаму кўст кўрсатаётир.

6 339
А.ҚАЮМОВ, ЎзА