Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.05.2018 11:08 Чоп этиш версияси

Давлат хизматлари кўрсатиш такомиллашмоқда

Давлат хизматлари кўрсатиш такомиллашмоқда
Президентимизнинг 2018 йил 11 апрелдаги “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, фуқаролар ва тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида 2018 йил 1 июндан бошлаб барча туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари орқали тажриба тариқасида 31 қўшимча давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилади.

Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Давлат хизматлари марказида ҳам мазкур қўшимча хизматларни кўрсатиш сифати ва тезкорлигини таъминлаш учун тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

– Айни пайтда марказимиз томонидан фуқароларга 63 турдаги давлат хизматлари кўрсатиш мумкин, – дейди марказ директори Б.Сувонов. – Йил бошидан буён 6 минг 400 дан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар бу имкониятлардан фойдаланди. Айниқса, коммунал тармоққа уланиш, электрон рақамли имзо сертификати олиш, болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича ариза бериш, фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш каби хизматлардан фойдаланувчилар кўпчиликни ташкил этди. Марказга мурожаат этувчилар ойма-ой кўпайиб, биргина май ойи бошидан буён 2 мингдан ортиқ фуқарога хизмат кўрсатилди. Бунинг учун марказда барча зарур шароитлар яратилган. 10 нафар ходим тезкор хизмат кўрсатиб, замонавий ахборот технологиялари асосида ҳужжатларни қисқа фурсатларда расмийлаштирмоқда.

Жорий йилнинг 1 июнидан эътиборан марказимизда ФҲДЁ органларига тегишли бўлган туғилганлик, ўлимни қайд этиш, архив ҳужжатлари, гувоҳнома бериш, ФҲДЁ далолатномасини тиклаш, ўзгартириш, тузатиш, қўшимчалар киритиш, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувини ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиш, ечиш, қиёслашга ариза топшириш, ишсизлик нафақасини тайинлаш, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш, туризм фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш, жисмоний шахсларга СТИР бериш, Тошкент давлат юридик университетига ҳужжат топшириш каби 31 турдаги янги хизматлар жорий этилади. Бунинг учун тегишли соҳалар бўйича мутахассислар жалб этилиб, аҳолига тезкор хизмат кўрсатиш учун зарур шароитлар яратилмоқда.

9.JPG

8.JPG

– Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиш учун марказга келган эдим, – дейди Малика Салоҳиддинова. – Зарур ҳужжатларни тақдим этиб, қисқа вақтда рўйхатдан ўтдим. Энди туманимиздаги буюм бозорида иш фаолиятимни бошлайман.

Сарибош маҳалласидан келган М.Сайфиддинова эса фарзандини 28-мактабгача таълим муассасасига бериш бўйича ариза топшириб, иш ўзи кутганидан ҳам тез фурсатда битганини маълум қилди.

Дарвоқе, ҳозирги кунда Тошкент шаҳрининг Миробод, Юнусобод, Учтепа ва Шайхонтоҳур туманлари ҳамда Наманган шаҳар давлат хизматлари марказларида жорий этилган ҳайдовчилик гувоҳномасининг янги намуналарини бериш ёки алмаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тизимини жорий йил 1 июндан Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани давлат хизматлари марказида ҳам йўлга қўйиш белгиланган.

Бугунги кунда туман маркази – Жума шаҳрида давлат хизматлари маркази учун давлат-хусусий шериклик асосида замонавий бино қуришга жой танланиб, лойиҳа ишлари амалга оширилмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
6 800