ЎзА Ўзбек

26.01.2020 Чоп этиш версияси

Давлат хизматлари кўрсатиш ҳажми ортмоқда

Давлат хизматлари кўрсатиш ҳажми ортмоқда

Жиззах вилоятидаги давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатилган давлат хизматлари 2018 йилда 197 мингтани ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 408 мингтага етди. 

Бу ҳақда 2019 йил якунлари ва 2020 йилда амалга ошириладиган ишларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида ДХА Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Бобур Умурзоқов маълумот берди. 

Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Давлат хизматлари агентлиги тизимидаги марказлар вилоятнинг барча ҳудудларини қамраб олган.

2019 йилда 5 та ҳудудда – Мирзачўл, Дўстлик, Фориш. Янгиобод ва Зарбдор туманларида замонавий биноларда жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди. Уларнинг барчаси давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бунёд этиляпти. Эътиборлиси марказларда барча қулайликлар яратилган. Кутубхона, кутиш зали, электрон навбатдан ўтиш, қисқаси тезкор хизмат кўрсатиш учун нимаики зарур бўлса барчаси муҳайё. 

Айни пайтда яна Жиззах шаҳри, Зомин, Зафаробод, Арнасой, Бахмал, Ғаллаорол, Пахтакор ва Шароф Рашидов туманларида ана шундай замонавий инновацион ёндашувларга асосланган иншоотлар қурилиши давом этаётир. 

Давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида 2019 йил 1 июлдан бошлаб экстерриториал тамойил амалга жорий этилди. Натижада фуқаролар яшаш жойи ва ташкилотнинг манзилидан қатъи назар ўзига яқин бўлган исталган ДХМга мурожаат қилиши ва зарур хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. 

Шу мақсадда ўтган йили марказларимиз орқали абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида 5 та университетга ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилди.

Худди шундай, кўп фойдаланиладиган айрим хизмат турлари бўйича ҳужжатлар сони ва хизмат кўрсатиш муддатлари ҳам қисқартирилмоқда. Кейинги икки йилда энг кўп мурожаат қилинадиган 36 турдаги хизматлар бўйича ҳужжатлар сони 112 тадан 56 тага камайтирилди. Хизмат кўрсатиш муддати эса 280 кундан, 126 кунга туширилди. 

Матбуот анжуманида “ягона дарча” тамойили тўлиқ ишлаши учун барча давлат хизматлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилиши ва маълумотлар рақамлаштирилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳам маълумот берилди. 

Ҳозирги кунда давлат хизмати кўрсатувчи 80 та идорадан атиги 27 таси Давлат хизматлари агентлиги билан ўзаро интеграция қилинган. 53 идорада маълумотлар рақамлаштирилмаган. Мисол учун, соғлиқни сақлаш, экология, қурилиш, архив билан боғлиқ давлат хизматлари соҳасида ҳалигача электрон маълумот базаси шаклланмаган.

Шундай маълумот алмашинуви йўқлиги сабабли 2019 йилда қурилиш, табиий газ, иссиқ сув ва ичимлик суви таъминоти борасида хизмат кўрсатиш муддатлари бузилган.

2019 йилда ўтказилган назорат тадбирлари давомида 6 минг 428 та қонун бузилиши ҳолати аниқланди. Жумладан, вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва унинг туман филиаллари томонидан энг кўп – 4 минг 175 та, кейинги ўринларда ер ресурслари ва давлат кадастри идоралари 1 минг 29 та, “Ўзтрансгаз”АК ҳудудий ташкилотида 422 та қонун бузилиш ҳолати содир этилди.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар, қурилиш ва архитектура идоралари, ижтимоий таъминот идоралари, давлат санитария эпидемология назорати марказида ҳам давлат хизматлари кўрсатишда қонун бузилиш ҳолларига йўл қўйилди. 

Ўтказилган ўрганишлар натижаси аниқланган камчиликлар бўйича ваколатли органларга 24 та тақдимнома киритилди, 17 нафар масъул шахсга нисбатан интизомий жавобгарлик қўлланилди. Айбдорларга нисбатан 146 та маъмурий баённомалар тузилиб, жаримага тортилди. 

Аҳолига қулайлик яратиш учун давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш давом этаётир. Туманлар марказидан 50-180 км узоқликдаги ҳудудларда ўтган йили 3 та ДХМ филиаллари ташкил этилди. Ушбу тажриба ўзининг ижобий натижасини бергани инобатга олиниб, вилоятнинг яна 7 та туманида филиаллар ташкил этиш режалаштирилмоқда. 

Анжуманда журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб берилди. 

1 395
Т. БЕКНАЗАРОВ. ЎзА