ЎзА Ўзбек

06.12.2018 18:25 Чоп этиш версияси

Давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик бўйича PEFA тез орада ўз хулосасини беради

Давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик бўйича PEFA тез орада ўз хулосасини беради
Аввал хабар қилганимиздек, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасида давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик методологияси мезонлари асосида давлат молиясини бошқаришнинг самарадорлигини баҳолашни ўтказиш чораларини кўриш белгиланган. Шу талабларга асосан Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи делегацияси Тошкентда бўлиб, давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлигини PEFA методологияси мезонлари бўйича баҳолашдан ўтказди.

“Пойтахт” бизнес марказида ўтказилган навбатдаги семинар давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлиги бўйича якуний халқаро баҳолаш хулосалари таҳлилига бағишланди. 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи делегацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз ва хорижнинг молиявий ташкилотлари вакиллари иштирок этди. 

Давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлигини PEFA методологияси мезонлари асосида баҳолашдан ўтказиш молиявий барқарорликни таъминлаш ҳамда ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда муҳим омил экани таъкидланди. 

Семинарда жорий йилнинг 20 сентябридан шу кунга қадар PEFA доирасида амалга оширилган ишлар натижалари сарҳисоб қилинди. PEFA – мамлакат давлат молиясини бошқариш (ДМБ) тизими самарадорлиги даражасини акс эттирувчи диагностик механизм бўлиб, у фидуциар кафолат инструментни, яъни инвестицияларни киритиш ва кредитлаштириш йўлидаги ишончли баҳо ва тузилмадир. PEFA мезонлари асосида давлат молияси 3 натижа, 7 рукн, 31 кўрсаткич ва 94 параметр талаблари бўйича баҳоланади. Айниқса, PEFA баҳоси Европа Иттифоқи, Жаҳон банки ва бошқа халқаро ташкилотлар учун жуда муҳимдир. 

Қайд этилганидек, PEFA делегацияси ташрифи доирасида бир қатор учрашувлар ташкил этилди. Унда PEFA методологияси мезонлари бўйича баҳолаш тамойиллари ҳамда молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича тажрибалар алмашилди. 

Ташкил этилган семинарда иштирокчилар PEFA баҳолаш методологияси бўйича олинган хулосалар асосида илмий ва амалий билим, тажриба ва кўникмага эга бўлди. Баҳолаш натижалари узоқ муддатли давлат молиясини бошқаришни такомиллаштириш стратегиясини ишлаб чиқишга хизмат қилади. 

Семинарда давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлиги бўйича PEFAнинг якуний хулосалари тез орада тақдим этилиши таъкидлаб ўтилди. 



Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
3 547