Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2018 21:22 Чоп этиш версияси

Давлат қимматли қоғозлари муомалага чиқарилади

Давлат қимматли қоғозлари муомалага чиқарилади Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида “Давлат қимматли қоғозлар бозори инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришнинг манбаси сифатида” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижроси мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади. Бунда, айниқса, давлатнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш катта аҳамиятга эга.

Шундан келиб чиқиб, Молия вазирлиги мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий равнақига қаратилган давлат қимматли қоғозларини муомалага чиқаришни режалаштирган.

1996-2011 йилларда Ўзбекистонда умумий қиймати 803,1 миллиард сўмлик, йиллик ўртача қиймати 50 миллиард сўм бўлган давлат қимматли қоғозлари муомалага чиқарилган. 2011 йил ҳукумат қарори билан давлат қимматли қоғозларини муомалага чиқариш ва олдин муомалада бўлган қимматли қоғозлар сўндирилган.

Анжуманда нафақат ички давлат қимматли қоғозлари, балки жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган облигацияларни муомалага чиқариш масаласи ҳам ўрганиб чиқилаётгани таъкидлаб ўтилди.

– Миллий иқтисодиётни ҳар томонлама ривожлантириш фаол инвестиция сиёсатини юргизиш билан чамбарчас боғлиқ, – деди «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти бош менежери Ботир Мамараҳимов. – Мамлакатимизда давлат қимматли қоғозларининг муомалага чиқарилиши қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш баробарида йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда қўшимча имкониятлар яратади. Шу билан бирга, давлат бюджетини янада мустаҳкамлаш ва шу орқали мамлакатимиз ҳаётидаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
10 003