ЎзА Ўзбек

11.01.2019 12:39 Чоп этиш версияси

Давлат дастури муҳокамасида 2,5 мингдан зиёд таклиф қабул қилинди

Давлат дастури муҳокамасида 2,5 мингдан зиёд таклиф қабул қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”га оид Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида “Тараққиёт стратегияси” маркази директори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурхонов ўз фикрларини билдирди:

– Хабарингиз бор, жорий йилнинг 3 январь куни "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”га оид Давлат дастури лойиҳаси фуқаролар билан маслаҳатлашган ҳолда янада такомиллаштириш мақсадида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. 

Ҳужжат лойиҳаси 253 банддан иборат. Лойиҳа Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида келтирилган асосий ғоя ва таклифлар, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди. Шунингдек, ўтган йилнинг сентябрь-ноябрь ойлари давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан 2018 йилда амалга оширилган ислоҳотларнинг дастлабки натижаларини сарҳисоб қилиш ҳамда 2019 йил учун алоҳида таклифлар қабул қилиш мақсадида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилиб, юртимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлардан ҳам янги таклифлар олинган эди. 

Аҳамиятлиси, мазкур ишлар натижалари 2019 йилги Давлат дастури лойиҳасида ўз аксини топмоқда. Давлат дастури лойиҳаси 2019.strategy.uz веб-сайти ҳамда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали – regulation.gov.uz сайтларига жойлаштирилди. 

Бугунги кун ҳолатига кўра, 2019.strategy.uz веб-сайтига жами 2 мингдан ортиқ таклифлар қабул қилинди ҳамда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 300 дан зиёд таклифлар билдирилди. 

Нурилло Насриев, ЎзА​​
1 324