ДАВЛАТ ДАСТУРИ: иккинчи йўналишдаги вазифалар қанчалик таъминланди?
Мақсад Давлат дастурининг 6 ойлик ижросини сарҳисоб қилиш, пандемия сабаб бажарилмай қолган бандларини амалга ошириш чораларини кўришдир.
«Тараққиёт стратегияси» маркази ташаббуси билан шу ҳафтадан Ҳаракатлар стратегиясини Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тарғиботига бағишланган медиа-кампания бошланди.
Мақсад Давлат дастурининг 6 ойлик ижросини сарҳисоб қилиш, пандемия сабаб бажарилмай қолган бандларини амалга ошириш чораларини кўришдир. Кампания доирасида Давлат дастурининг ижро этилиши бўйича халқаро онлайн тадбирлар ҳамда ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Виртуал мулоқотлар узвийлигини таъминлаш мақсадида «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан events.strategy.uz платформаси ишга туширилган. Унда Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлашга қаратилган ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан экспертлар ва жамоатчилик муҳокамаларини ҳам ташкил этиш кўзда тутилган.
Медиа-кампанияни Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналиши – Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари юзасидан ташкил этилган халқаро онлайн анжуман очиб берди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков Давлат дастури ижроси қай тарзда амалга оширилаётгани ҳақида тизимли жамоатчилик мониторинги юритилаётгани ҳақида айтди. Таъкидланганидиек, бу борадаги камчилик ва сусткашликлар ўз вақтида аниқланиб, белгиланган вазифаларнинг ўз муддатларида сифатли бажарилишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.
Маълумки, Давлат дастурида бешта устувор йўналиш бўйича жами 284 банддан иборат чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган бўлиб, улардан 22 банд бевосита иккинчи йўналишга тааллуқли.
Мулоқотда Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов 2020 йилги Давлат дастурида шу йўналишда судьяларнинг мустақиллигини тўлиқ таъминлашга қаратилган кафолатларни янада кучайтириш, судьялар мақомининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш институтини такомиллаштириш каби вазифалар ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. Мамлакатда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ва уларнинг ижроси мониторинги бўйича мавжуд ҳолат юзасидан маърузалар тингланди.
Эътироф этилганидек, Давлат дастурининг иккинчи йўналиши доирасида прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ва «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар, Коррупцияга қарши курашиш соҳасида алоҳида давлат органи ташкил этиш бўйича «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.