Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.11.2017 19:02 Чоп этиш версияси

Давлат бюджетининг тўққиз ойлик якунлари муҳокамаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида "Миллий тикланиш" демократик партияси ҳамда Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Унда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил тўққиз ойлик ижроси тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди ва муҳокама қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳисоботи тингланди.

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демоқратик партияси фракцияси аъзолари ҳисобот даврида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 5,3, саноат ҳажми 4,1, қишлоқ хўжалиги ҳажми 3,5, хизматлар ҳажми 6,4 фоизга ўсиши кузатилганига эътибор қаратди. Биргина тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига йирик миқдорда инвестициялар жалб қилиниб, 3 янги ва модернизация қилинган замонавий енгил саноат корхонаси ишга туширилди. Уларда мингдан ортиқ иш ўрни яратилди.

Фракция аъзолари ҳисобот даврида Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги таъминланиб, партиянинг дастурий мақсадларига ҳамоҳанг тарзда фан, таълим, маданият ва спортни ривожлантиришга қаратилаётганлиги эътиборга лойиқ эканини қайд этди.

Илм-фанни ривожлантириш, шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда мавжуд илмий-тадқиқот марказлари, илмий-ишлаб чиқариш ташкилотлари ва инновацион марказлар учун ҳисобот даврида Давлат бюджетидан 171 миллиард сўмлик маблағ сарфланди.

Айни пайтда шаҳар ва қишлоқ жойларда аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашни таъминловчи арзон уй-жойларни қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизация қилиш борасида режалаштирилган ишлар бажарилиши эса фуқароларимизнинг муносиб ҳаёт кечиришларига, турмуш даражаси сифати ошишига имкон бераётганлиги эътироф этилди.

"Миллий тикланиш" демократик партиясининг дастурий мақсадларига уйғун тарзда иқтисодиётни диверсификация қилиш ва таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этиш орқали уни модернизациялаш жаҳон майдонида миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Партия сайловолди платформасида кўзда тутилган экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экспортни диверсификация қилиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш учун янги бозорларни ўзлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни тизимли давом эттириш, бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш асосида маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан мавжуд имкониятлар ҳамда резервлардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси фракцияси депутатлари асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 19 триллион 410 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланди.

2017 йилнинг 9 ойлигида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштиришга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашни давом эттириш масалаларига биринчи даражали эътибор қаратилгани фракция аъзолари томонидан эътироф этилди.

Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида ҳисобот даврида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 23,7 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон "Адолат" СДП сайловолди дастуридан ўрин олган соғлиқни сақлаш секторини ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган маблағлар ижроси ҳам фракция аъзолари диққат марказида бўлди.

Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 5 триллион 220 миллиард сўмдан ошди.

Президентимизнинг жорий йил 17 июлдаги “Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида фуқароларга арзон нархларда зарур дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини етказиб бериш йўлга қўйилди ва ушбу мақсадлар учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар 2016 йилнинг мос даврига нисбатан жами 185,8 фоизга ортганлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, фракция аъзолари соҳани янада ривожлантириш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган қарор ва фармонлар натижасида 9 ой мобайнида хусусий тиббиёт муассасалари яна 400 дан зиёдга кўпайиб, уларнинг сони 3 минг 860 дан ошгани, 2016 йилда 806 тез тиббий ёрдам станцияси ва кичик станцияси фаолият кўрсатган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 2 минг 100 тани ташкил этаётгани аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини яна оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга соҳага ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ижро этилиши устидан самарали парламент назорати ўрнатиш зарурлиги қайд этилди.

Мажлислар якунларига кўра, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил тўққиз ойлик ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
2 594






Все о погоде - Pogoda.uz