ЎзА Ўзбек

26.02.2020 Чоп этиш версияси

Давлат бюджетидан қўшимча равишда ажратилган маблағ тўлиқ молиялаштирилганми?

Давлат бюджетидан қўшимча равишда ажратилган маблағ тўлиқ молиялаштирилганми?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан Давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар ҳисобидан ажратилган маблағларнинг натижадорлигини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг мақсадли ва самарали ишлатилиши юзасидан ўрганишлар ўтказилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Атхам Назирқуловнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июлдаги фармойиши билан Тошкент вилоятининг туман (шаҳар)лари ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тизимини ҳамда тоза ичимлик сув билан таъминлаш орқали аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш мақсадида Давлат бюджетидан қўшимча равишда 1 триллион 100 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Ҳақиқатда 2019 йилда 1 триллион 54,6 миллиард сўм молиялаштирилган ва 1 триллион 94,3 миллиард сўмлик ишлар бажарилган. 

Жумладан, умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 56 та объектда 193,9 миллиард сўм, соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 71 та объектда 305,6 миллиард, ичимлик ва оқова сув тармоқлари тизимини яхшилаш учун 34 объектда 312 миллиард, ҳамда автомобиль йўллари ва шаҳар кўчаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жорий таъмирлаш учун 547 та объектда 282,8 миллиард сўмлик ишлар бажарилган.

Бугунги кунда ажратилган маблағларнинг тўғри йўналтирилгани, бажарилган иш ҳажмларининг сифати ҳамда мақсадли ва самарали ишлатилаётгани бўйича Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати департаменти томонидан текширишлар ўтказилмоқда.

ЎзЛиДеПнинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан бевосита жойларга чиққан ҳолда, ҳақиқий ҳолатни ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Депутатнинг қайд этишича, Давлат бюджети маблағларининг ҳар бир сўми мақсадли ва самарали сарфланиши ҳамда натижадорлиги бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур.

1 149
ЎзА