ЎзА Ўзбек

14.08.2018 19:03 Чоп этиш версияси

Давлат бюджети ва мақсадли жамғармаларининг ярим йиллик якунлари кўриб чиқилди

Давлат бюджети ва мақсадли жамғармаларининг ярим йиллик якунлари кўриб чиқилди
Парламент қуйи палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 47,7 фоизга ўсиб, белгиланган режа ортиғи билан бажарилди, бюджет даромадларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 21,7 фоизни ташкил қилди.

– Мамлакатда олиб борилаётган валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳукумат томонидан кўрилган чора-тадбирлар мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларга асосланган ишларни ташкил этиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда, – дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Нилуфар Саидаҳмедова. – Ҳисобот даврида мамлакатимизда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, хусусан, замонавий хизмат турларини кенгайтириш, туризм салоҳиятини ошириш, кичик бизнес субъектлари салмоғининг ортиши ҳисобига микрофирма ва кичик корхоналардан Давлат бюджетига тушумлар миқдори 1 триллион 109 миллиард сўмни ташкил қилиб, 2017 йилнинг ушбу даврига нисбатан 39,7 фоиз ўсган.

2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида кўчмас мулк объектларини ва ер майдонларини ялпи хатловдан ўтказиш натижасида солиқ базаси кенгайиб, ресурс тўловлари ва мулк солиғи бўйича Давлат бюджетига 5 триллиондан ортиқ маблағ ундирилишига эришилди.

Шу билан бирга, ўтган даврда Давлат бюджети маблағларининг мақсадли ишлатилишида ва уларнинг самарадорлигини таъминлашда ҳамон хатоликларга йўл қўйилганлигини кўриш мумкин. Бу борада ўтказилган давлат молиявий назорат тадбирлари натижасида 2 минг 275 та бюджет ташкилотларининг 1 минг 887 тасида молиявий хатоликлар, пул маблағлари ва моддий бойликларнинг камомади, ўзлаштиришлар ва ноқонуний харажатлар аниқланди. Айниқса, бу камчиликларни халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият ишлари, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳалари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази тизимларида кўриш мумкин.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракция йиғилишида иқтисодиётни диверсификация қилиш ва таркибий ўзгартириш, илғор технологияларни жорий этиш орқали уни модернизациялаш, замонавий ишлаб чиқаришни изчил ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар экспорт ҳажмининг муайян тарзда кўпайишига, ички бозорни арзон, сифатли, харидоргир маҳсулотлар ва товарлар билан тўлдиришга, аҳоли харид қобилиятининг ортишига, жаҳон бозорида миллий иқтисодиётни рақобатбардошлигини таъминланишига хизмат қилаётганлиги қайд этилди.

Йиғилишда мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда солиқ-бюджет сиёсати соҳасидаги, хусусан, солиқ маъмуриятчилигини ва бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети тасдиқланган параметрларга мувофиқ амалга оширилиб, 144,3 миллиард сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилиши таъминланганлиги қайд этилди.

Ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинганлиги айтилди. Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқ жойларда турмуш шароитини янада яхшилашни таъминловчи арзон уй-жойлар барпо этиш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилганлиги алоҳида эътироф этилди.

Баҳс-мунозаралар, савол-жавоблар, билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида фракцияларнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Нурилло Насриев, ЎзА
5 578