Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.07.2018 11:23 Чоп этиш версияси

Барчани ҳаракатга келтирган дастур

Барчани ҳаракатга келтирган дастур
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 19-20 май кунлари Андижонга ташрифидан сўнг вилоятда “Ҳар бир оила – тадбиркор” ҳаракати кенг қулоч ёйди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва бунёдкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бандликни таъминлаш, ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

7.jpg

Андижон вилоятида ҳам оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ишчи гуруҳлар тузилиб, хонадонлар хатловдан ўтказилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ҳар бир оиланинг имкониятлари ўрганилмоқда. Уларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилиб, амалий ёрдам кўрсатилаётир.

Ушбу қарор ижроси доирасида вилоятга 3 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Айни кунда 800 миллиард сўмдан зиёд маблағ банкларга келиб тушган. Мутахассислар томонидан аҳолига кредит олиш тартиблари, сарфлаш йўналишлари, тўлов жараёни тушунтирилмоқда. Ҳафтанинг якшанбаси вилоятда тадбиркорлар куни, деб эълон қилинган.

4.jpg

Оилаларга тақдим этилаётган кредит маблағлари аниқ мақсадларга йўналтирилмоқда. Яъни, хонадонларда тикувчилик, тўқувчилик ишларини йўлга қўйиш, иссиқхоналар барпо этиш, чорва ҳайвонлари боқиш, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик билан шуғулланиш ва бошқа қатор йўналишларда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун тақдим этилмоқда. Масалан, тикувчилик ёки тўқувчилик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар учун Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда туман тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари томонидан тикув машиналари ва бошқа зарур хомашё ярмаркалари ўтказилмоқда. Бу ерда фуқаролар ўзлари хоҳлаган тикув машинаси ёки тўқув дастгоҳини олиш учун корхоналар билан шартнома тузади ва буюртма беради. Банк таъминотчи ташкилотга кредит маблағини ўтказади. Таъминотчи ўша куннинг ўзидаёқ тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, буюртмани ўз эгасига етказади.

5.jpg

Қўй, қорамол боқиш истагида бўлган фуқаролар эса вилоятдаги наслчилик фермер хўжаликлари билан тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, шартнома тузади. Бириктирилган банк шартномага асосан кредит маблағини хўжаликка ўтказиб беради. Иссиқхона барпо этиш истагини билдирган кишилар хонадонида махсус агрофирмалар томонидан барча талабларга тўла жавоб берадиган иссиқхоналар қуриб берилмоқда. 

– Туманимиздаги “Каштан элит агрофирма” масъулияти чекланган жамияти чорва фермасидан 16 бош қўй-қўзининг ҳар килограммини 24 минг сўмдан олдим, – дейди Олтинкўл тумани Оқтепа қишлоғида яшовчи Зайниддин Асқаров. – Бунинг учун “Микрокредитбанк” туман филиали томонидан 10 миллион 350 минг сўм кредит маблағи ўтказиб берилди.

6.jpg

Кредит олмоқчи бўлган фуқаролар ариза билан маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда ҳудуд сектор раҳбари тавсиясига асосан ҳеч бир монеликсиз кредит олмоқда. Бу жараёнда оворагарчилик ё ортиқча қоғозбозликка асло йўл қўйилмайди.

– Маҳалламизда 3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – дейди Булоқбоши туманидаги “Тошкечик“ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳратбек Янгибоев. – Айни кунга қадар “Ҳар бир оила – тадбиркор” лойиҳаси доирасида 15 фуқаро имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.

Мазкур маҳалланинг Еттикапа кўчасида яшовчи Қудратилла Орипов 10 миллион сўм кредит эвазига 10 бош қўй сотиб олиб, парваришламоқда. Рихси Абдураҳимов, Лутфулло Насриддинов хонадонларида эса иссиқхона барпо этилди. Замон кўчасида яшовчи Муҳиддин Қодиров ўз хонадонида қандолатчилик цехи ташкил этди. 

– Хонадонимда тикувчилик цехи очиш мақсадида оилавий корхона ташкил этдим, – дейди Андижон шаҳри Истиқлол маҳалласида яшовчи Ҳаётилла Қосимов. – Кредит олиш учун маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда ҳудуд сектор раҳбаридан тавсиянома олиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, “Асака банк”нинг вилоят филиалига тақдим этдим. Уч кун ичида менга 6 ойлик имтиёзли давр билан 25 миллион сўм кредит ажратилди. Кредит маблағига 16 замонавий тикув дастгоҳи харид қилиб, иш бошладим. Бугун оила аъзоларим, маҳалладошларимдан 16 нафари доимий иш ўрнига эга бўлди.

Айни кунда вилоятда мавжуд оилаларнинг 15 фоизи ёки 74 мингдан ортиқ оила турли йўналишда тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Бу ушбу оилалар яқин ойларда ўз даромадига эга бўлади, турмуш шароити албатта, яхшиланади, деганидир. Энди тасаввур қилинг, ушбу кўрсаткич 50-70 фоизга чиқса, қанчадан-қанча муаммолар, айниқса, бандлик масаласини бартараф этиш мумкин, бинобарин, ҳаёт янада фаровон бўлади. 

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури катта-ю кичикни бирдек ҳаракатга келтириб қўйди. Ким билан суҳбатлашманг, тадбиркорлик билан шуғулланиб нафақат оиласига, балки жамият ривожига ҳисса қўшиш ниятида эканини айтади. Айниқса, ушбу дастур аҳоли ўта зич яшайдиган Андижон вилоятида муҳим масала – бандлик муаммосини ҳал этишда кенг имкониятлар яратмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат) ЎзА
10 097