Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 19:25 Чоп этиш версияси

Дастур доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

Дастур доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди
Термизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев раҳбарлигида йиғилиш ўтказилди.

Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросига бағишланган йиғилишда Сурхондарё вилояти ва туман-шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари, Ёшлар иттифоқи вилоят, туман ва шаҳар кенгаши раислари, вилоят ички ишлар бошқармаси ва туман, шаҳар бўлимлари бошлиқларининг ёшлар масалалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлари раисларининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосарлари иштирок этди.

Вилоят прокурори Ў.Саидов, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Р.Чориев ва бошқалар мамлакатимизда маънан етук, жисмонан соғлом авлодни камолга етказиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, ғоя ва ташаббусларини рағбатлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан эканини алоҳида таъкидлади.

“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури бу борадаги ишларни тубдан янги босқичга кўтарди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, вилоятдаги 717 маҳаллага бириктирилган уйма-уй юрувчи ишчи гуруҳлар ҳудудларда ёшларнинг ижтимоий аҳволи ва муаммоларини атрофлича ўрганмоқда. Ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштирадиган махсус штабда кунлик маълумотлар умумлаштирилиб, аниқланган масалалар ечимини топиш йўллари изланаётир. Тадбиркорлик, фермерлик, ҳунармандчилик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларнинг истиқболли лойиҳалари қўллаб-қувватланиб, бизнес-режа тайёрлашига кўмаклашилмоқда. Ер майдони ва кредит маблағларига эҳтиёжи ўрганилаётир. Бўш турган биноларни бериш чоралари кўрилмоқда.

Йиғилишда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилиб, Бойсун, Шўрчи, Денов, Қизириқ, Шеробод, Қумқўрғон туманлари фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Ҳудудлардаги ишчи гуруҳлар ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирадиган махсус штабларда йўл қўйилаётган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Ёшларнинг таклиф ва ғоялари асосида ҳар бир маҳалла, туман ва шаҳарнинг “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, бўш турган биноларни ажратиш, имтиёзли кредит маблағи билан таъминлаш, “Ҳар бир фермерга бир ёш” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан муҳим вазифалар юкланди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА