ЎзА Ўзбек

31.07.2018 15:41 Чоп этиш версияси

Дастлабки гуруҳ Мадина шаҳрига жўнаб кетди

 Дастлабки гуруҳ Мадина шаҳрига жўнаб кетди
Наманган халқаро аэропортидан муборак Ҳаж зиёратини ният қилган юртдошларимизнинг дастлабки гуруҳи Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига жўнаб кетди.

– Муҳтарам Президентимиз иймон-эътиқод ва диний маърифат масалаларига катта эътибор қаратаётганининг ўзи хайрли келажагимиздан далолатдир, – дейди Наманган тумани Муллакудинг қишлоғида яшовчи 101 ёшли Иброҳимжон ота Хўжаев. – Шавкат Мирзиёев 2017 йилда давлат раҳбари сифатида вилоятимизга илк ташрифи чоғида нуронийлар билан учрашиб, халқимиз фаровонлиги билан боғлиқ масалалар ичида маънавиятимизни юксалтириш, бу борада катта ҳаёт тажрибасига эга нуронийлар ўрни ҳақида ғоят мазмунли суҳбат қургани бизга куч-ғайрат бағишлаган эди. Мана бугун муборак Ҳаж сафарига жўнар эканмиз, яратилган қулай шароитлар, айниқса, кексаларга кўрсатилаётган ғамхўрликни қалбдан ҳис қилиб турибмиз. Улуғ ибодатда юртимиздаги тинчлик-фаровонлик, файзу барака боқий бўлишини сўраб дуо қиламиз. 

7.jpg

– Бир умр дурадгорлик ортидан рўзғор тебратдим, аёлим билан тўққиз фарзандни вояга етказдик. Бугун эса муқаддас динимизнинг сўнгги фарзини адо этгани Ҳаж зиёратига йўл олаяпмиз, – дейди янгиқўрғонлик 79 ёшли Файзуллахон ота Хўжахонов. – Бизга шундай шароит яратиб берган муҳтарам Президентимизга, шундай хайрли, савобли ва масъулиятли ишга бош қўшган барча инсонларга кўп-кўп миннатдорлик билдирамиз.

– Етти фарзандни улғайтирган онажоним бу йил 80 ёшга чиқди, – дейди Наманган шаҳридан Аҳрол Мамажонов. – Онажонимни муқаддас Ҳаж зиёратига олиб бориш имкониятига эга бўлганим учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтаман. Тикувчилик йўналишида тадбиркорлик қилиб, яхши ният билан маблағ жамғарган эдим. Юртимизда тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани касб-коримнинг ривожини берди.

5.jpg

– Бу йилги мавсумда вилоятимиздан 989 киши Ҳаж зиёратига юборилмоқда, – дейди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Наманган вилоят вакиллиги Ҳаж ва умра масалалари бўйича мутахассиси А.Каримов. – Уларни кузатиш маросими ва бошқа ташкилий тадбирларга пухта тайёргарлик кўрилган.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
4 769