ЎзА Ўзбек

12.01.2019 11:30 Чоп этиш версияси

Дарслар Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўрганишдан бошланди

Дарслар Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўрганишдан бошланди

Қорақалпоғистон Республикасида барча олий ва ўрта махсус ўқув юртларида қишки таътилдан кейин илк дарслар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини ўрганиш билан бошланди. 

“Буюк ташаббус – буюк келажак” мавзусида ташкил қилинган махсус дарсда Оролнинг қуриган майдонида ўрмонзорларни барпо қилиш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар хусусида ҳам кенг маълумот берилди. Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ўтказилган дарсларни академик Ж. Базарбаев ҳамда профессор К.Алламбергеновлар олиб борди.

Таъкидланганидек, Оролбўйи ҳудудини, хусусан, Мўйноқ туманини ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш ҳамда экологик талафотларга қарши курашиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар катта тарихий аҳамият касб этмоқда.

Ҳозирги вақтда денгизнинг қуриган майдонидаги 37 минг гектардан ортиқ ерга саксовул уруғи сепилган бўлса, 131 минг гектардан ортиқ ер майдони экишга тайёрлаб қўйилган. Бу рақам кундан кунга ошмоқда. Ўтган йилнинг 17 декабридан барча вилоятлардан ёрдамчи кучлар етиб келиб иш бошлаган. Орол денгизининг қуриган майдони ҳозирда қизғин меҳнат марказига айланган. 

Махсус дарсда Қорақалпоғистонда, хусусан Мўйноқ туманида олиб борилаётган бошқа да ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

“Буюк ташаббус – буюк келажак” мавзусидаги махсус дарслар институтнинг барча факультетларида ўтказилди.

Есимхон Қаноатов, ЎзА
1 096