Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2017 12:19 Чоп этиш версияси

Даромадларни декларациялаш масалаларига бағишланган тадбир ўтказилди

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан жисмоний шахсларнинг даромадларини декларациялашнинг ҳуқуқий асосларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Х.Шокиров ва бошқалар мамлакатимиз солиқ-бюджет сиёсатидаги ўзгаришлар, хусусан, хўжалик субъектлари ва аҳоли даромадларига нисбатан солиқ юкини камайтириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, солиқ қонунчилигини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тартибга солиш ва ўз вақтида тўловни амалга оширишда муҳим дастуриламал бўлаётир.

– Солиқ кодексининг 189-моддасига мувофиқ, жисмоний шахслар даромадлари бўйича жами йиллик декларацияни доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этиши зарур, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Жисмоний шахсларга солиқ солиш бош бошқармаси давлат солиқ катта инспектори А.Расулов. – Агар жисмоний шахснинг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадидан солиқ унинг аризаси бўйича энг юқори ставка асосида ушлаб қолинган бўлса, бу ҳолатда декларация топширилмайди.

Тадбирда иштирокчиларга жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация тақдим этишнинг моҳияти ва тартиби, шунингдек, мол-мулкини ижарага беришдан олган даромад бўйича дастлабки декларациялар ҳақида маълумотлар берилди.

Биринчи Президентимизнинг 2011 йил 30 декабрдаги қарори билан 2012 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган энг кам даромадини аниқлаш мақсадида уй-жойни ижарага берганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдорлари жорий қилинган. Унга кўра, ижарага берилаётган турар жойларнинг 1 квадрат метр майдони учун ойлик ижара тўловининг энг кам миқдори Тошкент шаҳрида 4,5 минг сўмни, Нукус шаҳри ва вилоятлар таркибидаги шаҳарларда 3 минг сўмни, бошқа аҳоли пунктларида 1,5 минг сўмни ташкил этиб, 2017 йилда ўтган йилдаги меъёрлар 1,5 баробарга индексация қилинган. Шунингдек, жисмоний шахсларнинг нотурар жойни ва автотранспорт воситасини ижарага берганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдори ҳам кўрсатилган.

Матбуот анжуманида солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича берилган имтиёзлар ва бошқа масалалар бўйича маълумотлар берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
28 986






Все о погоде - Pogoda.uz