Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.09.2018 12:33 Чоп этиш версияси

Даромадини солиқдан яширганлар аниқланди

Даромадини солиқдан яширганлар аниқланди

Фарғона вилояти давлат солиқ идоралари томонидан даромадларини яширган бир қатор тадбиркорлик субъектлари аниқланди.

Хусусан, август ойида Марғилон шаҳрида олиб борилган ўрганишлар давомида 5 нафар мулк эгалари ўзларига тегишли савдо шохобчаларини бир қанча тадбиркорлик субъектига ҳар ойда 300 минг сўмдан 3 миллион сўмгача ҳақ олиш эвазига ижарага берганлари ва улар билан тузилган шартномаларда ижара суммаларини тўлиқ кўрсатмасдан яширганлари, шунингдек, айрим тадбиркорлик субъектлари билан ижара шартномалари тузмаганликлари аниқланиб, мулк эгаларига 80 миллион сўм миқдорида қўшимча даромад (декларация) солиғи ҳисобланди. Уларга Марғилон шаҳар давлат солиқ инспекциясининг тегишли талабномалари юборилди.

Фуқаро Х.Фурқатжонга тегишли бўлган объектда худди шундай ҳолат аниқланди. Марғилон шаҳри Б.Марғилоний кўчасида жойлашган 4 та савдо шохобчасини ижарага беришдан олаётган даромадини давлат солиқ идораларидан яшириб келган фуқарога 2014-2018 йиллар учун 26 миллион сўмдан ортиқ қўшимча (декларация) солиқ ҳисобланди.

Ўрганишлар давомида юқоридаги ҳолат фуқаро А.Беҳруз билан ҳам кузатилди. У 2014-2018 йиллар давомида Марғилон шаҳридаги 3 та савдо шохобчасини тадбиркорлик субъектларига ижарага берганлигига қарамай, улар билан ижара шартномаси тузмаганлиги ҳамда 2014-2016 йиллар давомида савдо шохобчасини ижарага беришдан олган даромади бўйича давлат бюджетига даромад (декларация) солиғи тўламаганлиги аниқланиб, фуқарога 2014-2018 йиллар учун қарийб 13 миллион сўм миқдорида қўшимча даромад (декларация) солиғи ҳисобланди.

Гувоҳи бўлиб турганингиздек, айрим шахсларнинг солиқлардан бўйин товлаши ҳануз давом этмоқда. Шуни ёддан чиқармаслигимиз керакки, Ўзбекистон фуқароси эканмиз, бизнинг қатор ҳуқуқларимиз билан бирга давлатимиз олдида бир қанча мажбуриятларимиз ҳам бор. Солиқларни ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда тўлаш ана шу мажбуриятларнинг биридир.

М.Сулаймонов, ЎзА
4 675