ЎзА Ўзбек

12.10.2019 Чоп этиш версияси

Дарахт ва буталарни ноқонуний кесган энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баробари миқдорида жарима тўлаши мумкин

Дарахт ва буталарни ноқонуний кесган энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баробари миқдорида жарима тўлаши мумкин

Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлиси давом этмоқда.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мамлакатда дарахт ва буталарни кесишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Айни пайтда дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ 3 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлиб, салбий кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 66 фоизга ортган.

Ҳуқуқбузарларга нисбатан жами 4 миллиард 524 млн. сўм миқдорида жарима қўлланилган ва зарар ўрнини қоплаш белгиланган бўлса-да, 1 минг 800 дан зиёд маъмурий иш юзасидан 3 миллиард 72 млн. сўм маблағ ҳанузгача ундирилмаган.

Мисол учун, Тошкент вилояти Юқоричирчиқ тумани “Ийк-ота” МФЙ, Тошкент-Ғазалкент-Чорбоғ йўлида 155 туп дарахт қонунга зид равишда йўл ташкилоти томонидан кестирилган ва табиатга 455 миллион сўмдан ортиқ зарар етказилган.

Бу каби салбий ҳолатлар аҳолининг экологик-ҳуқуқий маданияти даражасининг пастлиги, айрим фуқаролар (браконьерлар)нинг ўз манфаати ва эҳтиёжлари йўлида ўсимлик дунёси объектларидан қонунга хилоф тартибда фойдаланиши оқибатида юзага келган.

Аждодлари она табиатни авайлаб асрашда дунёга сабоқ бериб келган бугунги авлод қачон бундай тубанликка тушиб қолди, табиатни булғаш орқали ўзи ва фарзандларининг ҳаётига қасд қилаётган одамлар наҳотки орамизда шунчалар кўп, деган саволлар ҳар бир фидойи юртдошимизни ўйга толдиради.

Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали пойтахтимизнинг айрим ҳудудларида дарахт ва буталарни кесиш билан боғлиқ ачинарли ҳолатлар таъсирчан тарзда кенг ёритилди.

Амалдаги қонун ҳужжатларига асосан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси дарахт ва буталарни кесиш бўйича рухсатномалар реестрини юритиши ва уни ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириши белгиланган. Бироқ, бу тартиб ҳанузгача мутасадди идораларнинг иш фаолиятида жорий этилмаган.

Шу билан бирга, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Фанлар академияси билан биргаликда 2019 йил 1 мартгача дарахтларни хатловдан ўтказиш бўйича методик қўлланмани ишлаб чиқиши белгиланган бўлса-да, мазкур ҳужжат ҳанузгача ишлаб чиқилмаган.

Сенат Раисининг таъкидлашича, дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш билан боғлиқ ҳолатларни фақатгина оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар ёки ижтимоий тармоқларда фаол фуқаролар кўтармоқда. Бу бўйича Экологик партиянинг ташаббуси кўринмаяпти. Улар бу борада фаол бўлиши керак. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси айнан Экологик партия билан ҳамкорлигини кучайтириши лозим.

Юқоридаги каби камчиликларни бартараф этиш мақсадида “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги ва “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларнинг ижросини таъминлашдаги камчиликларни бартараф этиш ва мазкур соҳадаги мутасадди мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш юзасидан таъсирчан чоралар кўриш, дарахтларни турли зараркунанда ва касалликларга қарши фитопатологик ўрганиш натижалари бўйича уларга қарши курашиш юзасидан фаолият самарадорлигини ошириш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар юзасидан жазо чораларини кучайтириш, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғридаги ҳамда Жиноят кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинди.

1 355
Н.НАСРИЕВ, Ф.АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА