ЎзА Ўзбек

06.10.2019 Чоп этиш версияси

Данияда ишлаб келган ДСҚ раиси ўринбосари пахта теришга далага чиқди ва янги ғоялар билан қайтди

Данияда ишлаб келган ДСҚ раиси ўринбосари пахта теришга далага чиқди ва янги ғоялар билан қайтди

Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Абдулла Азизов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида пахта терим жараёнидаги иштироки ҳақидаги таассуротлари билан бўлишди.

Пахтага чиқишдан иккита мақсад бор эди, дейилади унинг постида. Булар Давлат солиқ қўмитаси ходимларини қўллаб қувватлаш ва пахта терим жараёнини кўриб ўрганиш, жараённи оптималлаштириш ва автоматлаштириш учун таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Абдулла Азизов пахта даласида янги ғоялар келганини ва терим жараёнида инсон иштирокини камайтириб, пахта унумини ошириш лозимлигини таъкидлайди.

Шу билан бирга Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари ўз ташаббуси билан янги танлов таъсис этиш режаси туғилганини ҳам маълум қилди. Танловда ҳамма қатнашиши мумкин. Унинг ютуқ жамғармаси тахминан 50.000-200.000 АҚШ доллари атрофида бўлади. Бунга ҳомийлар ва жамғармалар маблағлари жалб этиладиган бўлса ютуқ миқдори оширилиши ҳам назарда тутилган.

“Ҳозир теримда 1кг учун ўртача 1000 сўм берилади. Янги ечимда терим харажати бундан арзон, тез ва фойдали бўлиши керак. Ечимда албатта IT- технологиясидан фойдаланилиши керак. Иштирокчилар гуруҳ бўлиб қатнашса, гуруҳда пахта етиштирувчилар, пахта етиштириш билан шуғулланган олим ва албатта камида 2 нафар IT- мутахассиси бўлса совриндор бўлиш эҳтимоли катта бўлади. Ёндашув “out of box” бўлиши керак. Ўзимнинг ғояларимни беришга ҳам тайёрман, агар иштирокчиларни ўзгача ёндашувига ёрдами тегса“, - дейди Азизов.

Эслатиб ўтамиз, Дания қироллигида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ишлаган Абдулла Азизов Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига 2019 йил сентябр ойи охирларида тайинланди.

У 2006 йилдан бугунги кунга қадар Данияда “Maersk A/S”, “DONG Energy A/S”, “Carlsberg A/S”, “Implement consulting group”, “Vestas A/S” ҳамда янги лавозимга тайинлангунга қадар “Danfoss” компаниясида Молиявий бизнес лойиҳаларини автоматлаштириш соҳасига юқори стандартларни жорий қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Абдулла Азизов Давлат солиқ қўмитасида жорий йилнинг май-август ойларида эксперт сифатида фаолият олиб борди.

Ушбу қисқа даврда Россия Федерал солиқ хизмати, Бирлашган Араб Амирлиги, Жанубий Корея, Хитой ва Жаҳон банки экспертлари билан солиқ органларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳамда бу соҳада малакали кадрларни тайёрлаш бўйича келишувлар имзоланишига эришилди.

15 788
ЎзА