ЎзА Ўзбек

14.08.2018 13:01 Чоп этиш версияси

Дўсту қардошдир азалдан ўзбегим тожик билан

Дўсту қардошдир азалдан ўзбегим тожик билан

Фарғона вилояти Данғара туманининг Оқжар, Катта қўрғонча, Абдусамад каби қишлоқлари қўшни Тожикистоннинг Ашт тумани билан чегарадош. Икки қардош халқни Сирдарё ажратиб туради.

Кечагидек эсимда. Илгарилари биз у томондаги қариндошларимизнинг барча тўй ва маъракаларида қатнашар эдик. Улар ҳам доимо бизни уйга келиб, борди-келдилар мустаҳкам йўлга қўйилган эди. Бир неча йиллар давомида ана шу борди-келдиларнинг узилгани бизларни бир-биримиздан анча узоқлаштирди.

Бир дарёдан сув ичиб, қариндошлик ришталари билан боғланган ўзбек ва тожик халқлари ўртасида азалдан яқин қўшничиликка асосланган ҳамкорлик йўлга қўйилган. Аслида икки халқнинг умумий тарихи, маънавий қадриятлари бир. Хусусан, кейинги бир ярим йил мобайнида ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, анъанавий яхши қўшнилик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатлар ҳар икки халқ манфаати йўлида изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Тожикистон ўртасидаги муносабатлар тубдан ўзгарди. Икки томонлама алоқалар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, ижтимоий-маданий соҳаларда изчил ривож топиб бораётир.

Айниқса, икки давлат ўртасида чегара постларининг очилгани халқларимиз учун катта имкониятлар эшигини очди. Бу эса ўзбек ва тожик халқлари дўстлиги, жипслиги ҳамда ҳамжиҳатлиги йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди. Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги “Ровот” ва “Андархон” чегара божхона постининг очилиши аҳоли учун катта қулайликларни яратмоқда. Бу ерда аҳолига соддалаштирилган тартибда чегарадан ўтиш тизими жорий қилинди. Ўзаро бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликларга барҳам берилаётгани айниқса, асрлар давомида елкадош яшаётган икки халқ аҳолисини беҳад қувонтирди. Вилоят божхона бошқармасининг ахборот хизматидан олинган маълумотларга қараганда, икки пост орқали шу кунга қадар 486 мингдан зиёд йўловчи ҳаракатланган.

– Тожикистоннинг Сўғд вилояти Конибодом, Исфара ва Ашт тумани билан умумий чегарага эгамиз, – дейди Бешариқ тумани кенгаши депутати, 18-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Нодирбек Қобилов. – Азалдан ҳар икки мамлакат аҳолиси ўзаро ҳамжиҳатликда, аҳил яшаб келган. Минглаб инсонларни боғлаб турадиган қариндошлик ришталари мавжуд. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилаётган эътибор юксак самаралар бераётир.

Ҳа, бугун ким билан гаплашманг, икки қардош халқ ўртасидаги яхши қўшничилик янада мустаҳкамланиб бораётганидан мамнунлигини билдирди. Тўй-маъракаларда бирга бўлиб, қиз олиб, қиз узатмоқда.

Мен Тожикистон Республикасининг Конибодом туманида яшайман, – дейди меҳнат фахрийси Мақсуд Жўра. – Тошкентдаги Низомий номидаги педагогика институтида ўқиганман. Бугунга қадар бирга ўқиган дўстларимизни жуда соғинар эдим. Аммо ширин дийдорга нима етсин?! Уларнинг тўй, маъракаларида, қувончли, қайғули дамларида шерик бўлиб ёнида туролмас, неча йилларда бир дийдорлашар эдик. Ўртамиздаги чегаралар очилгач, дарҳол уларнинг ҳузурига ошиқдим. Ҳеч бир муаммосиз чегарадан ўтиб, дўстларим билан юз кўришдик. Биз кексаларга асосийси тинчлик, соғлиқ керак. Юртларимиз бунданда гуллаб-яшнасин, ривожлансин, дўстона алоқаларимиз тоабад мустаҳкамлансин.

Эътиборли жиҳати, кейинги вақтда икки давлат вилоятларининг ўртасида ҳам алоқалар йўлга қўйилмоқда. Яқинда Фарғона вилояти делегацияси Сўғд вилоятида бўлиб, ҳамкорликни янада кенгайтиришга доир келишув имзоланди.

Мухтасар айтганда, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик азалий ва абадийдир. У замонлар тўфони-ю даврлар бўронида тобланган, асрлар синовига бардош берган. Унга ҳеч қандай куч рахна сола олмайди.

М. Сулаймонов, ЎзА
5 547