ЎзА Ўзбек

14.08.2018 12:50 Чоп этиш версияси

Дўстона алоқалар янада мустаҳкамланади

Дўстона алоқалар янада мустаҳкамланади

Ўзбек ва тожик халқи азалдан яқин қўшни, қуда-анда, ишончли дўст бўлиб яшаган. Маданияти, урф-одати ва тутумларининг уйғунлиги эса бу ришталарнинг мустаҳкам бўлишига хизмат қилиб келмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор халқларимизнинг асрлар давомида синовдан ўтган ана шу муносабатини янги босқичда юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил март ойида Тожикистонга давлат ташрифи муҳим тарихий воқеа сифатида эътироф этилиб, азалий дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларни янги мазмун билан бойитди. Олий даражадаги бу ташриф сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантирди. Ишбилармонлар ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар кенгайди. Яқин қўшниликка асосланган ишлар самарасини Тожикистон билан чегарадош Сурхондарё вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Жорий йилда дунёнинг ўндан ортиқ давлатлари вакиллари қаторида тожикистонлик бир гуруҳ олим ва мутахассислар Термиз шаҳрида бўлиб ўтган “Central Asia-2018. Фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XII халқаро конференциясида, тадбиркорлар “Очиқ Жануб” деб номланган Сурхондарё вилоятининг инвестицион, экспорт ва туризм салоҳиятини ёритишга бағишланган халқаро бизнес форумда фаол иштирок этди. Сурхондарё вилояти тадбиркорлари Тожикистоннинг Хатлон вилоятида, хатлонлик ишбилармонлар Термиз шаҳрида кўргазма-ярмарка ўтказди.

– Хатлон вилоятида маҳсулотларимизга қизиқиш катта бўлди, – дейди Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Б.Мардаев. – Термиз шаҳрида бўлиб ўтган кўргазма-ярмаркада тожик биродарларимиз ишлаб чиқараётган қурилиш материаллари кўпчиликка манзур бўлди. Бу тадбирларда икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми ва шартномалар имзоладик. Азалий дўстлик, қардошлик ҳамда ўзаро ишончга асосланган бу тадбирларимиз хатлонлик ва сурхондарёлик ишбилармонларнинг савдо алоқаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани билан эътиборга сазовордир.

Сурхондарё вилояти ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, воҳа тадбиркорлари Тожикистонга арзон, сифатли чинни буюмлари, парранда тухуми ва бошқа эҳтиёж моллари, озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилмоқда.

– Корхонамиз замонавий хориж дастгоҳлари билан жиҳозланган, – дейди “Сурхон Термиз Чинни” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Р.Неъматуллаев. – Маҳаллий ва қўшни давлатлар бозорини ўрганиб, 45 турдаги арзон, сифатли чинни буюмлари ишлаб чиқармоқдамиз. Тожикистонлик ҳамкорлар буюртмаси асосида қўшни давлатга ҳам нафис маҳсулотларимизни етказиб берганимиздан мамнунмиз. Харидорлар таклифини ўрганиб, чинни буюмлар сифати ва нақшинкорлигига алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Сурхондарё вилоятида мамлакатимизни Тожикистон Республикаси билан боғлайдиган иккита назорат пункти фаолият юритмоқда. Эндиликда қўшни давлат фуқаролари Сурхон воҳасида, сурхондарёликлар эса Тожикистонда қавму-қариндошлари, дўсту-биродорларининг тўй-томошалари ва бошқа маросимларида қатнашмоқда. Муқаддас қадамжоларда эмин-эркин зиёрат амалларини адо этаётир.

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи муносабатларимизда алоҳида аҳамият касб этади, алоқаларни, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Х. Маматрайимов, ЎзА
9 162