ЎзА Ўзбек

06.09.2018 22:17 Чоп этиш версияси

Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи очилди

Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи очилди Урганч шаҳрида “Замонавий демократик ислоҳотлар жараёнида ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишнинг муҳим омиллари” мавзуида қатор тадбирлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди, Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши, Адлия вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирларда давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, миллий маданий марказлар вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Тадбирлар Урганч шаҳрида янги иш бошлаган “Дўстлик ва ННТлар уйи”нинг очилиш маросими билан бошланди.

1.jpg

Урганч шаҳри марказида фойдаланилмай турган иншоот жами 1 миллиард 300 миллион сўм эвазига тўлиқ реконструкция қилиниб, таъмирдан чиқарилди. Айни пайтда ушбу бинода вилоятда фаолият олиб бораётган татар, корейс, рус ва қозоқ миллий маданий марказлари ҳамда 20 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари иш бошлади. Шунингдек, бинода турли маданий тадбирларни ўтказишга мўлжалланган зал, тил ўргатиш марказлари, рақс хонаси, компьютер тўгараги хонаси, тиббиёт ва дам олиш хоналари ҳамда корейс миллий маданий маркази томонидан ташкил этилган музей жойлашган.

Бугунги кунда Хоразм вилоятида 30 га яқин миллат вакиллари аҳил-иноқ истиқомат қилмоқда. Миллий маданий марказлар миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

– Хоразм вилоятида 4 мингга яқин корейс миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилади, – дейди Хоразм вилояти корейс миллий маданий маркази раҳбари Антонина Ким. – Улар, мана 80 йилдирки, бу заминда турли миллат вакиллари билан ўзаро тотувликда яшаб, барчамиз учун ягона бўлган жонажон Ватанимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимизда миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мана шундай муҳташам “Дўстлик ва ННТлар уйи”нинг биринчи бўлиб Урганчда очилиши вилоятда истиқомат қилаётган барча миллат вакилларини беҳад қувонтирди. Бу ерда миллий маданий марказларнинг янада самарали фаолият юритиши учун барча шароит яратилган.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида жамоат ташкилотлари фаоллигини ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ёрдамида баъзи йўналишларда кузатилган муаммолар жойида ҳал этилмоқда, халқимиз турмуш шароити яхшиланишига ҳисса қўшаётир.

– Мақсадимиз давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига гуманитар ва ижтимоий соҳаларда ихтиёрий ёрдам кўрсатишдир, – дейди Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти Хоразм вилоят ташкилоти раиси Замира Палвонова. – Айни пайтда жамиятимизнинг Урганч шаҳри, Боғот ва Хива туманлари бўлимларида ёшлар марказлари ташкил этилиб, 40 нафар кўнгилли жалб қилинган. Жамият қарамоғидаги ёлғиз кексалар, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронларга моддий ва маънавий кўмак берилмоқда. 

7.jpg

“Дўстлик ва ННТлар уйи”нинг мажлислар залида демократик ислоҳотлар жараёнида ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш аҳамиятига қаратилган тадбир ҳам ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси, Қонунчилик палатаси депутати Акмал Саидов ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратининг амалий самарадорлигини юксалтириш, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг доимий ҳамда ижтимоий шериклик комиссиялари фаолиятига услубий кўмак кўрсатиш, вилоятда фаолият юритаётган 600 дан ортиқ ННТларини ривожлантириш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш масалалари ҳақида сўз юритди.

Фуқаролик жамияти институтларини давлатнинг ижтимоий шериги сифатида аҳоли кенг қатламлари ижтимоий-иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлашга, демократик ўзгаришлар жараёнига янада кенг жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Тадбир доирасида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди танловида ғолиб бўлган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ННТларига сертификатлар топширилди.

Соҳани янада ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни аниқлаш, ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан очиқ мулоқот ўтказиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотларининг малакали мутахассислари иштирокида сайёр қабул ташкил этилди.

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат) ЎзА
6 393