ЎзА Ўзбек

14.08.2018 16:00 Чоп этиш версияси

Дўстлик ва адолат дарслари

Дўстлик ва адолат дарслари
Хорижий тилларни билиш жаҳон маданияти ютуқлари ва ахборот ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини беради, халқаро мулоқотга кенг йўл очади.

Айниқса, бугунги кунда ёшлар ўртасида хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқиш кучайиб бормоқда. Буюк аждодларимизнинг ворислари бўлган ёш авлод қисқа вақтда дунёда ўз сўзини айта бошлагани янада қувонарлидир.

Тилни пухта ўрганишда мактаб таълими асосий ўрин тутади. Бу даврда ўқувчи асосий билимни эгаллаб, тилнинг грамматик қоидалари, мулоқот кўникмаларини ўзлаштиришни бошлайди. Ўқувчи тил ўрганишни мунтазам давом эттирса, келажакда танлаган соҳаси бўйича етук мутахассис бўлиш билан бирга, хорижий тилда бемалол сўзлаша оладиган инсон бўлиб камолга етади. 

Ю. Артикова.jpgҲавас ва ибратга лойиқ Юлдуз Ортиқова ҳам айни пайтда ана шундай ёшларга таълим-тарбия бермоқда.

Унинг ўқувчилик даври айни қизғин паллаларга тўғри келди. 1998 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини муваффақиятли тамомлади. Меҳнат фаолиятини 1996 йилда 134-умумтаълим мактабида бошлаб, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида давом эттирди.

Юлдуз ҳозирда АҚШнинг Филадельфия штатида истиқомат қилади. У ўқиш ва ёзишнинг илк кўникмаларини қизиқиш билан ўрганаётган иммигрантларнинг болаларига инглиз тилидан дарс бермоқда. Замонавий технология ва ўқитиш методикасидаги билими ва тажрибаси Юлдуз Ортиқованинг ишини енгиллаштиради. У шунингдек, болажонларнинг ота-оналарига ҳам инглиз тилини ўрганишда ёрдам беради. Шу жумладан, ҳамюртларимиз учун ҳам катта меҳнат сарфлайди.

Келажакда иммигрантлар фарзандлари ва уларнинг ота-оналари учун бошланғич мактабни очишни режалаштирмоқда. Унда дарслар ESL бўйича махсус дастурда олиб борилади. Лойиҳа мақсади мамлакатга янги келганлар учун инглиз тилини тезроқ такомиллаштиришга ёрдам беришдир. Чунки, инглиз тилини ўрганиш хоҳловчилар кўпчиликни ташкил этади. 

Биз Юлдуз Ортиқова билан интернет орқали онлайн суҳбат уюштиришга муваффақ бўлдик.

– Яқиндагина ҳаёт оппоқ қоғоз варағидек тоза, ҳали ҳаммаси олдинда эди. Касб танлаш, оила яратиш, режалар, орзу-умидлар... Бугун эса сен тажрибали педагог, ёшлар мураббийсисан. Агар сен ҳаётинг давомида севимли ишинг билан шуғулланган бўлсанг, демак, бахтли инсонсан, – дейди Юлдуз. – Четдан қараганда, ўқитувчилик касбини ўйинга ўхшатиш мумкиндек туюлади. Ёзув тахтаси олдида туриш, бўр билан ёзиш, дафтарларни текшириш... буларнинг барчаси катта педагогик меҳнатнинг энг кичик қисмидир. Дарсда вақтнинг қизиқарли ва тез ўтиши, ўқитувчининг дарсни тайёрлашга сарфлаган саъй-ҳаракати ва вақтига боғлиқ. Бугун хорижий тилларни эгаллаш – улкан имкониятга эга бўлиш демакдир. Бу барча ёшдаги кишиларга зарур. Буни тушунган ҳолда, янги педагогик технологиялар, жумладан, ахборот технологияларини муваффақиятли ўзлаштириб, ўз вақтида малака ошириш курсларида фаол қатнашдим, медиа материаллар имкониятлари, дидактик материаллар янгиликларидан унумли фойдаландим. 

Узоқ йиллик касбий ва ҳаётий тажриба билан бойиган педагог-билимлар келажакда тарбияланувчиларнинг ўз ўрнини эгаллаши, муваффақиятга эришишини белгилаб беради. Лекин бунда улар ўз Ватанини яхши кўрадиган, мамлакатининг ҳақиқий фуқароси бўлиб қолиши кераклигини тушунади. Юлдуз ўз уйини, оиласини жуда яхши кўради. У уч фарзанд – бир қиз ва икки ўғилнинг онаси. У пазандалиги билан ҳам яқинларининг меҳрини қозонган.

Ҳа, ўқитувчини бежиз қалб меъмори дейишмаган. Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги чет тилларни ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш Республика илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда ўқитувчиларни тайёрлаш бўйича ўқув курслари ташкил этилди. Доимий ишлайдиган ушбу курсларда бир йилда 18 минг нафар ўқитувчи қамраб олинади. Мазкур курслардан асосий мақсад, чет тили ўқитувчиларининг нутқ кўникмасини ривожлантириш, мактабда, айниқса, бошланғич синфларда чет тили ўқитиш методикасини такомиллаштириш, педагогларга методик қўлланмалардан фойдаланишда ёрдам бериш, шунингдек, доимий мустақил таълим олишини рағбатлантиришдир.

Малака ошириш институтида Юлдуз Ортиқова ўз раҳбарлари бошчилигида юртимизнинг барча инглиз тили ўқитувчилари учун кўплаб муҳим ишларни бажарди. Ҳамкорлар билан узлуксиз иш олиб борди. Мазкур ўқув курсларда таълим муассасалари фаолиятини самарали ташкил этишда ўз ҳиссасини қўшди. Бу ерда курслардан ташқари, Республика таянч мактабларида ҳар жума куни ўтказиладиган дарслар учун ўқув қўлланмалар тузилди ва ўқув йили давомида ҳар ой нашрдан чиқарилиб, вилоятларга юбориладиган қўлланмаларга Юлдуз бош муҳаррирлик ишини аъло даражада бажарди.

Олий тоифали ўқитувчи Юлдуз Ортиқовани ана шундай фидойи инсонлар қаторига қўшишимиз мумкин. У 22 йиллик педагогик фаолиятини 134-умумтаълим мактаби, Ўзбекистон миллий университети, Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида олиб борди. Ўқитувчилик касбидек шарафли, масъулиятли касб йўқ. Ўқитувчи билимлар олами, инсоний муносабатлар, ахлоқий қадриятлар эшигини очади.

Минг-минг фарсаҳ олисларда, уммонлар оша ўзбек миллатининг тафаккур ёғдусини таратаётган Юлдуз Ортиқова сингари ўнлаб ватандошларимизга маърифат ва эзгулик йўлида омад тилаймиз!

Озода Бекмуродова,
журналист

7 037