ЎзА Ўзбек

01.06.2018 17:45 Чоп этиш версияси

Дўстлик туманида давлат хизматлари маркази иш бошлади

Дўстлик туманида давлат хизматлари маркази иш бошлади Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги, вилоят ҳокимлиги ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фaрмонига мувофиқ тажриба сифатида ишга туширилган ушбу марказда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш бошланди.

Туман марказидаги “Фарҳод” кинотеатри биносида жойлашган марказ замонавий мебеллар, идора жиҳозлари ва ахборот-коммуникация технологиялари билан тўлиқ таъминланди. Марказда 7 нафар ходим хизмат кўрсатаётир. Шунингдек, марказда туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш, кадастр хизмати, ИИБнинг автотранспорт воситаларини рўйхатга олиш, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари вакиллари фаолияти йўлга қўйилган.

3.JPG

11.JPG

– Мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатишда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида очилган ушбу марказ “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” деган тамойилни жорий этишнинг амалдаги ифодаси бўлди, – дейди Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Бобур Умирзоқов. – Бу ишни вилоятнинг барча ҳудудларида татбиқ этиш мақсадида туманларда тарғибот тадбирлари, “Очиқ эшиклар кунлари”, учрашувлар, давра суҳбатлари, тренинглар ташкил этилаётир. Аҳолига давлат хизматлари ҳақида, уларнинг тури, афзаллиги тушунтирилмоқда.

Давлат хизматлари маркази – аҳолига барча хизматлар бир жойда кўрсатиладиган ўзига хос маскан. Бу ерда аҳолига давлат солиқ қўмитасининг жисмоний шахсларга солиқ ва бошқа қарзи бор-йўқлиги ҳақидаги маълумотномани ҳамда солиқ тўловчининг идентификацион рақамини бериш, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва тегишли гувоҳномалар бериш каби 81 дан зиёд хизматлар кўрсатилади.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
9 252