ЎзА Ўзбек

11.06.2018 14:20 Чоп этиш версияси

"Дўстлик" боғида татар ва бошқирд халқларининг миллий байрами нишонланди

Пойтахтимиздаги "Дўстлик" боғида бўлиб ўтган тадбир юртимизда фаолият кўрсатаётган миллий маданият марказлари, дипломатик корпус вакиллари, бетакрор анъана ва қадриятлар мухлисларини ўз атрофига бирлаштирди.

Бу ерда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Тошкент шаҳри Татар ва Бошқирд миллий маданий марказлари томонидан ташкил этилган Сабантўй байрами нишонланди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов, Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В.Тюрденев, "Россотрудничество” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари В.Шулика ва бошқалар Ўзбекистонда миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлаш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади. 

Татар ва бошқирд халқларининг миллий байрами – Сабантўй баҳорги экин-тикин ишлари якунланиши муносабати билан нишонланади. Бу байрам бугун ҳам қут-барака, саломатлик, меҳрибонлик, мурувват, эзгулик, дўстлик ва аҳиллик байрами сифатида нишонланиб келинмоқда. 

Қувноқ ва завқли ўтган тадбирда қадимий ўйинлар, спорт мусобақалари, миллий маданий марказлар қошидаги бадиий жамоаларнинг мусиқий дастурлари намойиш этилди. 

Назокат Усмонова, ЎзА
3 579