Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2018 16:36 Чоп этиш версияси

Дўппини бир айлантиргунча...

Дўппини бир айлантиргунча...

Жиззах вилоятидаги қаровсиз бир ҳудуд – Манас қишлоғи 01.jpgўрнида қисқа муддат – атиги 45 кунда барча шароит муҳайё этилган замонавий шаҳарча барпо этилди. Бу ерда бошланган эзгу ташаббус бугун мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламда давом этмоқда. Айни пайтда, афсуски, бу борадаги ишлар ҳамма жойда ҳам бир хил суръатда олиб борилаётир, деб бўлмайди.

maxresdefault.jpg

Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги фармони ва “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида юртимизда мисли кўрилмаган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, оширилмоқда. Энг муҳими, бу ташаббус олис ва чекка туману қишлоқларни ҳам, баланд тоғ ёки бийдан чўлда истиқомат қилаётган фуқароларни ҳам қамраб олмоқда, ҳеч ким эътибордан четда қолмаяпти.

Айни пайтда, афсуски, бу борадаги ишлар ҳамма жойда ҳам бир хил суръатда олиб борилаётир, деб бўлмайди. Келинг, шу ўринда мазкур дастур ижроси Наманган вилоятининг баъзи туманларида қандай бораётганига бир назар ташлайлик.

22 (1).jpg 

Бу борада вилоят ҳокимининг 2018 йил 2 апрелдаги қарори билан тасдиқланган манзилли дастур ишлаб чиқилган. Айтиш керакки, мазкур ҳужжат қишлоқларни ўрганиш, жойлардаги ҳақиқий аҳвол билан танишиш, аҳоли билан мулоқотлар асосида тайёрланган. Унга ҳар бир тумандан иккитадан – инфратузилмаси эскирган ва яроқсиз аҳволга келиб қолган жами 22 қишлоқ киритилди. Ушбу қишлоқларда аҳоли турмуш маданияти ва фаровонлигини юксалтиришга хизмат қиладиган 127 миллиард сўмликдан зиёд бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида биринчилардан бўлиб иш бошланган Уйчи тумани Мевазор қишлоғи Мевазор маҳалласи бир вақтлар чиндан ҳам обод эди. 1000 дан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган бу маҳаллада собиқ паррандачилик фабрикаси ишчилари учун қурилган 5 та икки қаватли уй ҳудуднинг кўрки, қишлоқ аҳлининг фахри эди. Чунки, барча қулайликлар яратилган бундай хонадонларда яшаш ўша пайтларда ҳам кўпчиликнинг орзуси эди-да. Афсуски, хўжасизлик оқибатида кўп қаватли уйларга коммунал хизмат кўрсатиш тизими издан чиқиб, улар хароба аҳволга тушиб қолди. 

15 (1).jpg 

“Обод қишлоқ” дастури асосида амалга оширилган ишлар туфайли бугун мазкур маҳалла бутунлай янгича қиёфа касб этди, маиший шароитлар яхшиланди. Кўп қаватли уйларнинг том қисми шиферланиб, кириш эшиклари алмаштирилди, ҳудудга ичимлик суви тармоғи тортилди. Ҳовли атрофи девор билан ўралди. Ҳовлида тандирхона ва бошқа умумфойдаланиш учун маиший-хўжалик қурилмалари барпо этилди. Уйлар ўртасидаги майдонларга 200 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, турфа гуллар экилди. Боғ ва гулзорлар ташкил қилинди.

– Лойиҳа кўлами янада кенгайиб, умумий ишлар ҳажми 7 миллиард сўмликдан зиёд бўлиши кўзда тутилмоқда, – дейди Уйчи тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Р.Отахонов. – Жумладан, ҳудуддаги 15-умумтаълим мактаби, 39-мактабгача таълим муассасаси тубдан таъмирланади. Канализация тармоғи тортилади, 4 километрдан кўпроқ йўлга асфальт ётқизилади.

Аммо, бунёдкорлик ишлари маромида кетаётган ҳудудлар билан бирга, ҳали ишлар нисбатан суст ҳудудлар борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Хусусан, Мингбулоқ туманининг Мулкобод ва Кичик Жомашўй маҳалласида “Обод қишлоқ” дастури ижросига кечроқ киришилгани бажарилган ишлар кўламидан ҳам кўриниб турибди.

Тўғри, Кичик Жомашўй маҳалласида ҳар ҳолда дастурда белгиланган лойиҳалар ижроси кўзга ташланиб қолган. Масалан, энг асосий ижтимоий объект – 9-мактабгача таълим муассасасида А.Ёқубов раҳбарлигидаги “Оромгоҳ таянчи” МЧЖ қурувчилари мавжуд биноларнинг ички қисми ва ташқарисида пардозлаш ишларини амалга оширмоқда. Бинонинг том қисмини таъмирлаш, эшик-ромларни янги – замонавийсига алмаштириш, ҳудуд майдонига асфальт қопламаси ётқизиш каби умумий қиймати 500 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳам бажарилади.

– Боғчамизни таъмирлаш ишлари май ойининг илк кунлари ҳашар йўли билан бошланган, – дейди 9-МТМ мудираси Ш.Турғунова. – Лойиҳа бўйича қурувчи ташкилот эса асосан 17 июндан иш бошлади. Таъмирлаш ишлари юришиб кетди, кун сайин натижалар кўзга кўринмоқда. Пре
зидентимиз раислигида куни кеча шу масалага бағишлаб ўтказилган видеоселектордан кейин вилоят ва туман раҳбарияти яна бир бор келиб, ҳолатни ўрганди.

Ш.Турғунова билан суҳбат асносида маълум бўлишича, боғчанинг алоҳида мусиқа ва спорт зали ҳам таъмирталаб, бундан ташқари, оқова сув тармоғи аллақачон яроқсиз ҳолга келган, боғча қозонхонасидаги иситиш қозони янгиланган, лекин иссиқлик узатиш тармоғи эскилигидан янги қозон ҳам иш бермайди. Спорт зали, оқова сув ва иситиш тармоқларини таъмирлаш эса дастур доирасидаги таъмирлаш лойиҳасига киритилмаган.

– Қурувчилар спорт зали ва оқова сув тармоғини таъмирлашга маблағ етмайди, дейишмоқда, – дейди Ш.Турғунова. – Лекин кеча келиб кетган раҳбарлар бу иншоотларни ҳам лойиҳага киритиб, қўшимча маблағ манбаини топиш тўғрисида маслаҳатлашиб кетишди. Албатта, шунча катта ишлар орасида шу икки муаммо ҳам ечим топса, яхши бўлар, боғчамиз бугунги кун талабига жавоб берадиган намунавий муассасалардан бирига айланар эди.

Ҳа, яна бир муаммо: боғчага шу вақтга қадар ичимлик суви ташиб келтирилар экан. “Обод қишлоқ” дастурида эса, Кичик Жомашўй маҳалласида 13 километрлик сув тармоғини таъмирлаш кўзда тутилган. Шу баҳона бу масканга ҳам сув тармоғи тортилиб, кичкинтойлару тарбиячилар зилол сувдан баҳраманд бўлишса, ажаб эмас.

Рости, ҳудуддаги 9-мактабгача таълим муассасаси ва 15-умумтаълим мактабидан бошқа жойда “Обод қишлоқ” дастури ижросига хос қайноқ меҳнат манзарасига дуч келмадик. Дастур асосидаги ишлар мустақиллик байрами арафасида якунланиши ва бино-иншоотлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган бўлса-да, туман ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, бажарилганидан ҳали бажарилмаган ишлар кўп. Жумладан, маҳаллада яшовчи 300 нафар фуқаронинг уй-жойини таъмирлаш бўйича режа 2 июлгача 60 фоизга, 3 километрдан зиёд пиёдалар йўлакчасига асфальт ётқизиш 30 фоизга, 86 та кўча чироқларини ўрнатиш 40 фоизга бажарилган. Лойиҳада белгиланган 13 километрлик ичимлик суви тармоғидан атиги 2 километрдан кўпроғи тортилган, холос. Лойиҳада йўл бўйида ташкил этилиши кўзда тутилган 8 километрлик гулзорнинг бор-йўғи 1 километри қилинган, сабаби, маҳаллий бюджет ва ички имкониятлардан молиялаштирилиши керак бўлган бу лойиҳага ҳали маблағ ажратилмаган.

Бундан ташқари, маблағ масаласи ҳал этилмагани сабабли 13 километр узунликдаги ичимлик суви тармоғи, 6 та тозалаш иншооти ва оқова сув ҳандақларини таъмирлаш бошланмаган. 10 километр автомобиль йўлига ҳашар йўли билан шағал ётқизилганича асфальтланмай, электр тармоғини тортиш бўйича симёғочлар ўрнатиб қўйилганича сим тортилмай турибди. Маҳалла фуқаролар йиғини биносини қуриш учун ажратилган ер майдонида маблағ йўқлиги боис иш тўхтаб қолган. Айниқса, маблағи ҳал этилган қишлоқ қабристонини таъмирлаш ишлари ҳамон бошланмаганини қандай изоҳлаш мумкин?

Олтинкўл қишлоғидаги Мулкобод маҳалласида “Обод қишлоқ” дастури ижроси ҳақида сўз юритиладиган бўлса, Кичик Жомашўй маҳалласида кузатилган ҳолатларнинг у ёки бу тарздаги такрори бўлиб қолади.

Биз бу билан Мингбулоқ туманида “Обод қишлоқ” дастури ижросини таъминлаш борасидаги ишлар мутлақо ўз ҳолига ташлаб қўйилган, деган фикрдан йироқмиз. Маҳаллий ҳокимлик қарори билан манзилли дастурлар тасдиқланган, лойиҳалар бўйича таклифлар берилган ва ишлар бошланган, муайян натижаларга эришилмоқда ҳам. Фақат айтмоқчимизки, вақт ғанимат, бошланган ишларни жонлантириш лозим. Акс ҳолда, халқ ибораси билан айтганда, “Дўппини бир айлантиргунча” мустақиллик байрами ҳам келиб қолади. У ёғи эса ёғин-сочинли кунлар.

Акромжон Сатторов, ЎзА

Ҳотам Мамадалиев олган суратлар
3 149