ЎзА Ўзбек

15.02.2020 Чоп этиш версияси

“Дўппи” шарқ бозори” – ҳунармандлар байрами

“Дўппи” шарқ бозори” – ҳунармандлар байрами

Шу кунларда Москвадаги “Тишинка” савдо мажмуасида “Дўппи” шарқ бозори” номли ноёб маданият фестивали бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берган.

Мазкур фестиваль бу йил Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Грузия, Россия, Татаристон, Озарбайжон ва Доғистондан келган ҳақиқий истеъдод эгалари — уста-ҳунармандларни бир жойга тўплади.

“Дўппи” халқ амалий санъати фестивали турли халқлар маданий меросини намоён этувчи лойиҳа бўлиб, бунда иштирокчилар ўз халқи тарихи ва маданияти ҳақида ҳикоя қилиб, ўз маҳоратларини намойиш этишади.

photo_2020-02-16_06-40-33 (2).jpg

Лойиҳа бош ташаббускори, юртдошимиз Фотима Орифжонова ҳамкорлар ва фестиваль-кўргазма иштирокчиларига миннатдорлик билдириб, барчани шарқ маданияти ва анъаналаридан завқ олишга чорламоқда.

Эътиборлиси, москваликлар ва шаҳар меҳмонлари Шарқ халқларига хос ажойиб санъат намуналарини акс эттирган ушбу анжуманга катта қизиқиш билдирмоқда.

Бухоро гиламлари, Риштон ва Ғиждувон кулолчилиги, Чуст пичоқлари, Шаҳрисабз каштачилиги ва бошқа кўплаб ўзбек халқ санъати маҳсулотларининг рангин жилоси, бетакрор безаги харидорларни ром этмоқда.

photo_2020-02-16_06-40-33.jpg

Қорақалпоғистон Республикасига ажратилган майдонда намойишга қўйилган ўзига хос миллий кийимлар, қадимий қорақалпоқ санъати намуналари алоҳида жозибаси билан ажралиб турибди. Кўргазмага ташриф буюрган бошқирдистонлик блогер Гулноз Курамшина ўз обуначиларига жонли эфирда қорақалпоқ миллий камзулларини намойиш этди.

- Миллий кийимларни жуда ёқтираман, шу билан бирга қардош юртларнинг жимжимадор кашта ва безак берилган кийимлари ҳам мен учун жуда қизиқ, — дейди у. — Сабаби, халқларимиз анъаналари бир-бирига жуда яқин. Бошқирдистонда кийим тикишда ўзбек матоларидан жуда кўп фойдаланилади. Тўғриси, бундай кийимларни маза қилиб киямиз. Кўргазмага келиб, жуда хурсанд бўлдим. Айниқса, Ўзбекистонга 2 та авиабилет ютиб олиш имконияти борлиги менга жуда маъқул келди. Омадим келишига ишонаман, юртингизни жуда кўргим келяпти.

Тадбир дастури ранг-баранг ва жуда бой бўлиб, бу ерда илк бор Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан 700 килограммлик лағмон тайёрланади. Машҳур ўзбек ошпази Ҳаким Ғаниев бошчилигидаги ўн нафар тажрибали ошпаз касб сеҳри билан улкан лағмон пишириб, Россия рекордини ўрнатиш ниятида.

Фестиваль кунлари анжуманда иштирок этаётган барча давлатлар ижодий жамоалари ижросида қизиқарли чиқишлар намойиш этилади. Тадбир якунида Ўзбекистонга саёҳат имконини берувчи 2 та йўлланма эгаси аниқланади.

2 250
ЎзА