ЎзА Ўзбек

05.04.2018 14:03 Чоп этиш версияси

“Дўппи – миллий ғурур рамзи” мавзуида дўппи фестивали бўлиб ўтди

“Дўппи – миллий ғурур рамзи” мавзуида дўппи фестивали бўлиб ўтди Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган мактаб-интернатда “Дўппи – миллий ғурур рамзи” мавзуида дўппи фестивали бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сурхондарё вилояти кенгаши ижроия қўмитаси, вилоят маданият бошқармаси, “Сурхон ипаги” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда бой тарихимиз ва маданиятимизни пухта ўрганиш, миллий қадрият ва урф-одатларимизни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ноёб амалий санъатимизга ҳурмат туйғусини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

17.jpg 

– Халқимиз дўппини миллий бош кийим сифатида ҳамиша ардоқлаб, эъзозлаб келган, – дейди Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқитувчиси Ў.Султонова. – Чунки, унда гўзал урф-одат ва анъаналаримиз мужассам бўлиб, ноёб санъат намунасига айланган. Зеро, халқимиз яқин кишисига “азиз бошингиз омон бўлсин”, деб дўппи совға қилишида ҳам чуқур маъно бор. Фестиваль ана шундай улуғ қадриятларимизни кенг намоён этиб, ёшлар ўртасида дўппининг ажойиб фазилатларини тарғиб қилишга қаратилгани билан барчада катта қизиқиш уйғотди. 

16.jpg

Тадбирда нафақат Сурхон воҳаси, балки юртимизнинг турли ҳудудларига хос бошқа кўринишдаги дўппилар, қўшни давлатлар халқларининг бош кийимлари намуналари ҳам намойиш этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабалари ҳам қўшни мамлакатда тикилган ранг-баранг дўппилар билан иштирок этди. 

14 (1).jpg

– Афғонистоннинг Сарипул вилоятиданман, – дейди Саид Санаулло Умарий. – Афғонистонда ўзбеклар яшаётган ҳар бир вилоятнинг ўзига хос дўпписи бор. Барча дўппиларимиз ипакдан думалоқ шаклда тикилса-да, нақши, гули ва ранги билан бир-биридан фарқ қилади. Масалан, бизнинг вилоят тоғли ҳудудда жойлашган. Баланд тепаликлари билан машҳур. Шу боис бўлса керак, дўппига ҳам ушбу тепаликлар тасвири туширилади. Биз уни миллий бош кийим сифатида болаликдан фахр билан кийиб юрамиз. Бироқ бизда ёшлар учун бундай кўргазмалар ўтказилмайди. Ушбу тадбирда иштирок этиб, ўзбек дўппиларининг тарихи, тикилиши ва ноёб фазилатларини билиб олдик.

Фестиваль доирасида кўрик-танлов ҳам ўтказилди. Унда жарқўрғонлик якка тартибдаги тадбиркор Дмитрий Инюшев энг олий ўринга сазовор бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази биринчи, Термиз шаҳридаги “Сурхон ипаги” масъулияти чекланган жамияти иккинчи, вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази учинчи ўринни эгаллади. 

11.jpg

– Рус миллатига мансуб бўлсам-да, болаликдан мени ўзбек халқининг миллий урф-одат ва кийимлари ўзига мафтун этган, – дейди Д.Инюшев. – Сурхон вилоятининг қадимий кийимларини тикиб, дунёга кенг намойиш этишни мақсад қилганман. Ушбу кўргазмада вилоятимиз ҳудудларига хос 20 га яқин турдаги дўппилар билан иштирок этдим. Улар шаклан ўхшаш бўлса ҳам, нақш услуби, ғунчалари, матоси, ранг танланиши ва тикилиши билан бир-биридан фарқ қилади. Бу дўппилар ҳудудга хос табиий шароит, атроф-муҳит, одамларнинг турмуш тарзи, маҳаллий анъаналар акс этгани билан қадрлидир. Бунга лолагул, тўлдирма, плита, тити сингари дўппиларимиз яққол мисол. 

3.jpg 

Фестиваль якунида ғолибларга тадбир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари топширилди.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
14 701