ЎзА Ўзбек

27.07.2018 19:36 Чоп этиш версияси

Дўмбиранинг садосига садо берар тоғлар дараси

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида бахши-шоирлар, оқин ва жировларнинг республика фестивали тадбирлари бошланди.

Олимлар, соҳа мутахассислари, бахши-шоирлар, оқин ва жировлар, санъат намояндалари иштирок этаётган тадбирларда мамлакатимизда номоддий маданий мерос дурдоналарини асраб-авайлаш, қайта тиклаш, ёш истеъдод соҳибларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Президентимиз жорий йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз шаҳрида барпо этилган бахшилар мактабида яратилаётган шароитлар билан танишиб, бир гуруҳ бахши-шоирлар билан учрашган ва бахшичилик санъатини янада ривожлантириш, илмий анжуманлар, анъанавий бахшичилик фестивалари ўтказиш юзасидан вазифалар берган эди.

Ушбу топшириқлар ижроси доирасида жорий йил баҳор фаслида 22-болалар мусиқа, санъат ва бахшилар мактабида “Маънавий-маданий тараққиётда инновацион ёндашувлар ва бахшичилик санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзуисда республика семинари ташкил этилди. “Бойсун баҳори” фольклор фестивали доирасида бахши-шоирлар, оқин ва жировлар кўрик-танлови ўтказилиб, ғолиблар муносиб тақдирланди.

Мамлакатимизда илк марта ўтказилаётган мазкур фестиваль Сурхондарё вилоятининг сўлим тоғ бағридаги Олтинсой туманида ташкил этилаётганида ҳам чуқур маъно бор. Бой маданий меросга эга қадимий бу маскан ўзининг бетакрор халқ оғзаки ижоди намуналари билан ҳам шуҳрат қозонган. Аждодларимиз бахшичилик санъатини ўлмас маданий мерос сифатида қадрлаб, авлодларни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаб келган. Ёшликдан ўзлигини англашга кўмаклашган. Бахши ва оқинлар эса эл орасида одамларга эзгулик ва маърифат тарқатувчи инсонлар сифатида улуғланган. Минг йиллардан буён аждодлардан мерос қолган “Алпомиш” “Гўрўғли”, “Рустамхон” каби нодир достонлар бунинг ёрқин далилидир.

Фестиваль доирасида кўрик-танлов ташкил этилиб, тумандаги таълим муассасалари ва истироҳат боғларида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган бахши-шоирлар, оқин ва жировлар билан қизиқарли учрашувлар ўтказилмоқда. Улар ижросидаги достон ва термалар иштирокчиларда катта таассурот қолдирмоқда. Жойларда халқ амалий санъати намуналари намойиш этилмоқда.

Фестиваль тумандаги Катта Вахшивор қишлоғида пойтахтдан келган таниқли санъаткорлар ва эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастури билан якунланади.

Фестивалнинг расмий очилиш маросими 28 июль куни бўлиб ўтади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
4 594