ЎзА Ўзбек

18.08.2018 10:41 Чоп этиш версияси

Cурхондарё вилоятида умумхалқ хайрия ҳашари юқори савияда бошланди

Cурхондарё вилоятида умумхалқ хайрия ҳашари юқори савияда бошланди

Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги ва Қурбони ҳайити байрами арафасида ташкил этилган ҳашарда ёшу кекса фаол иштирок этиб, жойларда йирик ҳажмдаги ободонлаштириш-тозалаш ишларини амалга оширади.

Мамлакатимизда бошланган ободонлаштириш ва тозалик ойлиги доирасида ўтказилаётган икки кунлик умумхалқ хайрия ҳашарида вилоятдаги 717 маҳалла, 73 уй-жой ширкатлари уюшмаси, еттита олий таълим муассасаларида йирик ҳажмдаги ишлар бажарилади. Мавжуд умумтаълим мактаблари, ўрта махсус касб-ҳунар таълими, маданият ва тиббиёт муассасалари, корхона ва ташкилотлар жамоалари ҳам ҳашарда фаол қатнашади.

Маълумотларга кўра, эрта тонгдан юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёзаётган тадбир доирасида ҳайит намози ўқиладиган масжидлар, 370 дан ортиқ маданий мерос объектлари, 650 дан зиёд қабристонни тозалаб, тартибга келтириш, атрофини ободонлаштириш мўлжалланмоқда. Дам олиш ва истироҳат боғлари, кўча ва хиёбонлар, каналлар, ариқ-зовурлар тозаланади. Бу юмушларни аҳиллик билан сифатли бажариш учун махсус техникалар кучидан унумли фойдаланиш ҳам режалаштириб олинган.

– Аждодларимиз минг йиллардан буён эъзозлаб келаётган миллий қадриятларимизнинг бир бўлаги бўлган ҳашарда маҳалламиз аҳли фаол иштирок этмоқда, – дейди Термиз шаҳридаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилфуза Тошбоева. – Асосий қисми кўп қаватли уйлар бўлган маҳалламизда турли миллатга мансуб 4 минг 635 киши аҳил, иноқ яшайди. Уларнинг 1 минг 440 нафари 30 ёшгача бўлган ўғил-қизлардир. Эрта тонгдан кўтаринки кайфиятда бошланган ҳашарда ёшларимиз фаол иштирок этиб, кўп қаватли уй-жойлар атрофи, кўча ва йўлакларни тозаламоқда. Спорт иншоотлари, хизмат кўрсатиш нуқталари атрофи саранжом–саришта этилиб, ободонлаштирилаётир. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз ва муқаддас Қурбон ҳайитини тоза-озода ҳудудда кутиб олишга шоду-хуррамлик билан пешвоз чиқаётган халқимиз икки кунлик ҳашарда фаол қатнашиш чора-тадбирларини белгилаб олган.

Вилоятда умумхалқ хайрия ҳашари қизғин давом этмоқда.

Х.Маматрайимов, Ж.Қўзимуродов (сурат), ЎзА
8 138