ЎзА Ўзбек

16.03.2020 Чоп этиш версияси

COVID-19 коронавирус инфекцияси бўйича янги маълумотлар эълон қилинди

COVID-19 коронавирус инфекцияси бўйича янги маълумотлар эълон қилинди
15 март куни дунё бўйича 6629 янги касалланиш ҳолати рўйхатга олинган.

Касалликнинг 1 суткада ўсиши энг кўп қайд этилган давлатлар рўйхатида Италия (3601), Испания (2612), Германия (2140), Эрон (1209), Англия (594) турибди.

Эпидемик вазият нохуш бўлган давлатларда бўлиб қайтган 7847 юртдошимиз уй шароитида тиббий кузатувга олинган. Уларнинг 5,7 минг нафари касалликни яширин даври якунлангани учун тиббий кузатувдан чиқарилган. Бугунги кунда 2300 фуқаро саломатлиги устидан тиббий кузатув давом этмоқда.

Касаллик аниқланганда беморларни жойлаштириш учун Вирусология ИТИ, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар ИТИ, барча худудий юқумли касалликлар шифохоналарида изоляторлар, бокслар ажратилган бўлиб, зарурий дори ва ҳимоя воситалари билан таъминланган.

Барча ҳудудлардаги 16 вирусологик лабораторияларда таҳлил ўтказиш учун диагностик тест синамалари ва зарур анжомлар ва шахсий ҳимоя воситалари захираси тайёрланган.

16 март соат 09:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда 6 беморда коронавирус инфекцияси қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг малакали мутахассислари томонидан эпидемияга қарши профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда. Бу жараёнга барча куч ва воситалар жалб қилинган, олиб борилаётган чора-тадбирлар тўлиқ назоратга олинган.


Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги 
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


17 117
ЎзА