Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

10.09.2018 15:02 Чоп этиш версияси

Чустда аҳоли бандлиги қандай йўл билан таъминланмоқда?

Чустда аҳоли бандлиги қандай йўл билан таъминланмоқда?
Бандлик дастури – амалда

Наманган вилояти Чуст туманида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 130 дан зиёд хўжалик юритувчи субъект бўш иш ўрни билан иштирок этди.

Тадбирга тумандаги 30 маҳалладан бандлик марказига мурожаат қилган ишсиз фуқаролар жалб этилди. 120 киши ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, 200 нафардан зиёд фуқаро корхона ва ташкилотлар, фермер хўжаликларида иш билан таъминланадиган бўлди. Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун имтиёзли банк кредитлари ажратиш бўйича 82 нафар фуқародан ариза қабул қилинди. 69 нафар фуқарога ишга йўлланма берилди.

– Икки кун давом этган ярмарка доирасида олис қишлоқ маҳаллаларига сайёр меҳнат ярмаркалари ташкил этилди, – дейди Чуст тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори А.Рапиқов. – Марказ ходимлари ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар мутахассислари жойларда юриб, аҳоли ўртасида мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот беришди. Натижада 80 дан зиёд киши ўзига муносиб ишга йўлланма олишга муваффақ бўлди.

Шунингдек, тадбирда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги вакиллари томонидан чет элда ишлаш истагини билдирган 60 дан зиёд фуқаро билан тегишли тартибда тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ярмаркада тижорат банклари томонидан ҳунарманд, тадбиркор хотин-қизларга “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурига мувофиқ 200 дан зиёд замонавий тикув машиналари имтиёзли кредит шартлари асосида берилди.

Акромжон Сатторов, ЎзА