Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.09.2017 18:02 Чоп этиш версияси

Чуст туманида бир гуруҳ уй-жойга муҳтож, имконияти чекланган фуқароларга арзон уй-жойлар топширилди

Наманган вилояти Чуст туманида уй-жойга муҳтож, имконияти чекланган фуқароларнинг бир гуруҳига янги барпо этилган кўп қаватли арзон уйлардан хонадонлар калити тантанали равишда топширилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги ҳамда 2016 йил 22 ноябрдаги "2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ, аҳолининг кенг қатлами учун замонавий ва шинам турар жойлар бунёд этилиб, кам таъминланган ва ёш оилалар, ёлғиз кекса ва ногиронлар имтиёзли равишда уй билан таъминланмоқда.

Ушбу ҳужжатлар асосида жорий йилда Наманган вилоятида йигирмага яқин уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган юртдошларимиз имтиёзли ипотека кредити асосида уй билан таъминланади. Бошланғич бадал Президентимиз томонидан тўлаб берилаётгани уларни янада хурсанд қилмоқда.

Чуст туманининг Сабзазор массивида барпо этилган икки қаватли, 64 хонадонли тўртта уй фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбирда вилоят, туман ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этди. Кучли ижтимоий ҳимоя, кам таъминланган оилалар ва ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан экани таъкидланди.

Имтиёз асосида уй-жойга эга бўлганлар орасида Меҳнатобод маҳалласида яшовчи I гуруҳ ногирони Н.Нажмиддинов ҳам бор.

– Уч фарзандимиз билан бир хонали таъмирталаб уйда яшар эдик, – дейди унинг турмуш ўртоғи З.Нажмиддинова. – Бугун бизга барча шароитлари мавжуд замонавий уйнинг 3 хонали хонадони топширилди. Қувончимиз ичимизга сиғмаяпти. Энди биз ҳам кўп қатори фаровон, эмин-эркин ҳаёт кечирамиз. Давлатимизнинг ғамхўрлигини қарангки, менга янги тикув машинаси туҳфа қилиб, касаначи сифатида “Чуст пахта тозалаш” корхонасига ишга ҳам қабул қилишди. Бундай ғамхўрлик учун Президентимиздан миннатдормиз.

Қизилтепа қишлоғида яшовчи II гуруҳ ногирони М.Меҳмонова, Баймоқ қишлоғида яшовчи II гуруҳ ногирони Мунаввар Мадаминова ҳам Сабзазор массивида бунёд этилган замонавий уйларга кўчиб ўтди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
1 937






Все о погоде - Pogoda.uz