Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.04.2017 19:18 Чоп этиш версияси

Чуқур таҳлил ва танқидий руҳда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари Бухоро вилояти Пешку туманида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганди.

Ўрганиш якунлари халқ депутатлари Пешку тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида давлат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Аҳоли билан бевосита мулоқот асосида ўтказилган ўрганишларда тумандаги тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан муайян ишлар амалга оширилгани таъкидланди.

Депутатлар ва сенаторлар томонидан 630 дан ортиқ хонадонда суҳбат ўтказилиб, 180 га яқин масала муҳокама қилинган. Парламент аъзоларининг жойлардаги мулоқоти жараёнида ҳақиқий ҳолат ўрганилишдан ташқари уларни жойида ҳал этиш чоралари ҳам кўрилди. Зеро, бугунги ислоҳотлар жараёнида камчиликларни нафақат аниқлаш, айни пайтда уларнинг сабабларини таҳлил этиш ва ечимини топишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

– Ўрганиш давомида тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш ва унга аҳолини кенг жалб этиш мақсадида 74 фуқарога чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланиш, ихчам иссиқхоналар ташкил қилиш бўйича тижорат банкларининг 494 миллион сўмлик имтиёзли кредитлари ажратилишига кўмаклашилди, – деди Қонунчилик палатаси депутати Ўткир Холов. – Туман бандликка кўмаклашиш маркази билан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 30 фуқаронинг ишга жойлашиши таъминланди. Аҳоли томонидан билдирилган таклифлар асосида транспорт қатновини яхшилашга эришилди.

Туман ўз харажатларининг 30 фоизини вилоят бюджетидан ажратиладиган субвенция ҳисобидан қоплаётгани танқид қилинди. Боқимандалик кайфиятидан қутулишга ҳаракат бўлмаётгани, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳасига оид лойиҳалар тўлиқ амалга оширилмаётгани, солиқ базасини кенгайтиришнинг тизимли ва таъсирчан чоралари кўрилмаётгани муаммонинг асосий сабабларидандир. Туман даражасида ҳал этилиши лозим бўлган қўшимча иш ўринлари яратиш, кредит ажратиш, дори воситалари нарх-навоси устидан самарали назорат ўрнатиш каби 80 дан ортиқ масала юзасидан тегишли маҳаллий давлат органлари, бошқа ташкилотларга аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.

Сессияда соғлиқни сақлаш ва таълим тизимида ҳам бир қатор камчиликлар мавжудлиги таъкидланди. Туман марказий шифохонаси ва кўп тармоқли марказий поликлиникада тор мутахассисликлар бўйича ходимлар етишмайди, ўқувчиларни тиббий кўрикдан ўтказишда ҳам камчиликлар бор. Айниқса, мактаблар хорижий тиллар ўқитувчилари билан етарлича таъминланмаган.

Туманда коммунал тўловлар бўйича қарздорлик масаласини ҳал этиш механизмидан самарали фойдаланилмаётгани, ободончиликка етарли эътибор берилмаётгани, ноқонуний ахлатхоналар пайдо бўлишига йўл қўйилаётгани, янги марказий чиқиндихона муаммоси ҳал этилмаётгани қаттиқ танқид қилинди.

Тадбирда тегишли идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Муаммолар ечимини топишда маҳаллий Кенгаш депутатларида фидойилик ва ташаббускорлик етишмаслиги жиддий танқид остига олинди. Айни пайтда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлашга доимий эътибор қаратиш, сессияларда кўриладиган масалалар, доимий комиссиялар, партия депутатлик гуруҳларининг фаолият самарадорлигини ошириш, депутатлик назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
2 093






Все о погоде - Pogoda.uz