ЎзА Ўзбек

13.07.2018 23:43 Чоп этиш версияси

Чорвоқ томонларда нималар содир бўлмоқда?...

Чорвоқ томонларда нималар содир бўлмоқда?...
Чирчиқ дарёсига уланган канализация, сув бўйига қурилган 
хожатхона ва шу сувни истеъмол 
қилаётган Тошкент аҳолиси...
 (Муаммо илдизи хийла чуқурроқ) 

Чорвоқ томонга кўпчиликнинг йўли тушган. Ҳеч бўлмаганда бу ҳудуднинг таърифини эшитганмиз.

photo5352698916895828426.jpg

Ўзбекистон қуёшининг қайноқ меҳрини Тошкентда кондиционерсиз офисда ўтириб ишлаётган ходим ва бозорда офтоб тиғида қовун-тарвуз сотаётган савдогар жуда яхши билади. Қуёшнинг иссиғига дош беролмаганлар эса табиати сўлим гўшалардан паноҳ излашмоқда. Масалан, Чорвоқ атрофидаги оромгоҳлар, хусусий дачалар, Угам дарёси бўйидаги пуллик тапчанлар бу иссиқда айни муддао жойлардир.

Аммо киши табини хира қиладиган, она табиат ином этган гўзаллик келажагини барбод қилиб, унинг табиатига зарар етказаётган шундай қусурлар борки мулоҳаза қилишга, бир дам бўлса-да фикр юритишга чорлайди. 

photo5352698916895828427.jpg

Маълумки, халқаро туризмда худди шундай ҳудудлар саноқли ҳисобланади. Борларини асраш, борлигича келажакка қолдириш ва фойдаланиш юзасидан эса дунё мамлакатларида етарлича назорат ўрнатилган. Тартиб-интизом, табиатга нисбатан муносабат, ҳатто сайёҳлар учун маълум қоидалар белгиланган. Аммо бизда-чи?

Дуч келган жойга уй-жой солиш, атроф-муҳитдан истаганимизча фойдаланиш, бирор бир меъёрларга амал қилмасликни, фақат моддий манфаатни ўйлаб иш юритишни одат қилдик. 

photo5352698916895828428.jpg

“Мен бу жойларнинг бузилишини билардим, лекин бузилгунча фойдаланишим керак. Бир кун бўлса ҳам менга фойда”, дейди шу ҳудуддан шахсий дам олиш уйини ташкил этган бир фуқаро. 

Кўраяпсизми маънавиятни...

Бу ҳудуддаги ноқонуний қурилмалар ортидан келаётган зарарни эса ҳеч бир мезон билан ўлчаб бўлмайди. Маълумки, Чирчиқ дарёсидан келаётган оби ҳаётни ичимлик суви сифати Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳли истеъмол қилади. Аммо шу дарёнинг энг юқори қисмидаги аянчли манзараларни кўрган кишининг дили хуфтон бўлиши тайин. Шундоққина дарёга уланган канализация тармоқлари, қирғоқ бўйларига тўлган ахлат-чиқиндилар уюми, сув бўйига қурилган хожатхона ва ошхоналар... Буларнинг барчасидан чиқаётган чиқиндиларнинг ҳудди ана шу дарёга ташланиши ва дарё сувини миллионлаб одамлар истеъмол қилишини назарга олсак муаммо илдизини бироз тушунган бўламиз. 

photo5352698916895828429.jpg

Муболаға қилиб айтганда, айрим кимсалар табиат гўзаллиги, сўлим гўшалари орқали даромад топиб, яна унга “тупурмоқдалар”. Энг ачинарлиси, бу ҳолат бир неча йиллардан бери давом этиб келаётганидир. 

Айрим ижтимоий тармоқларда эса бугунги қайта янгиланиш, муносиб шароит яратиш мақсадида қилинаётган уринишларни “Чорвоқда уйлар бузилмоқда”, дея турлича талқин қилинмоқда, гўёки давлат бу жойларни ноқонуний бузиб, ҳудуд аҳолисига зарар келтираётгандек. Бундай нотўғри талқин жамоатчиликда шубҳа уйғотаётир. Одамлар орасида “Бечора тадбиркор мулкини давлат буздирибди”, “Тинчгина тирикчилик қилишга ҳам қўйишмайди” каби фикрлар урчий бошлади. 

Аслида-чи, табиатни борлигича асраш, содда қилиб айтганда, чин маънодаги эркин туристик зонага айлантириш мақсад қилинган. Одамларга хавфсиз ҳудуд яратилади, дам олувчилар учун ҳеч қандай муаммо туғилмайдиган, сайёҳлар оқими етарли даражада ортадиган дам олиш масканига айлантириш кўзга тутилган. Турли фахш ва чиркин турмушдан узоқ тоза ва озода ҳаёт жонланади. 

photo5352966725286603069.jpg

Шундай экан, давр ва ҳаёт бу ҳудудга нисбатан муносабатларимизни ҳам қайта кўриб чиқишни тақазо этмоқда. 

Бу борада эса Ўзбекистон Республикаси Президентнинг “Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш тўғрисида фармони ҳам эълон қилинган. 

Бугун айни шу дамда, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокимияти Чорвоқ ва Угам дарёси бўйидаги ноқонуний қурилмаларни бузишга кўрсатма берган. Чорвоқда дарё атрофидан 50 метр узоқликда бўлмаган қурилмалар олиб ташланмоқда. Ноқонуний қурилишлар ортидан бўлаётган тирбандликлар чек қўйилиб, йўллар кенгайтирилмоқда.

Сув ёқасида қонун-қоидаларга риоя қилмасдан қурилган савдо расталари, хизмат кўрсатиш шохобчалари бошқа жойларга кўчирилмоқда. Энг муҳими, давлат томонидан ноқонуний қурилган қурилмалар эгаларига ҳам бошқа ҳудудлардан бўлса-да жой ажратилмоқда. 

Умид қиламизки, фармон асосида Чорвоқ атрофидаги ноқонуний қурилмалар бузилиб, замон талабига жавоб берувчи чет-эллик сайёҳларни ҳам жалб этадиган туристик зонага айлантирилади.

ЎзА
23 501