ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

МУТАХАССИС БИЛАН СУҲБАТ: Чорвачиликни қандай ривожлантирмоқчимиз?..

МУТАХАССИС БИЛАН СУҲБАТ: Чорвачиликни қандай ривожлантирмоқчимиз?..


Қорақалпоғистон Республикаси Чорвадор уюшмаси раҳбари Қутлимурод Панаев билан чорвачилик тизимидаги туб ўзгаришлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 29 январда имзоланган “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида суҳбатлашдик.

— “Оилавий кооперацияларни ташкил этиш” мақсадида ҳар бир оилани чорвачилик соҳасига жалб этмоқдамиз, – дейди Қ.Панаев. – Айни вақтда чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга давлат субсидиялар бераётгани бунда янада кулайлик яратмоқда. Жумладан, маҳаллий наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган наслдор қорамолларнинг ҳар бири учун бир миллион, четдан импорт қилинган наслдор қорамол учун икки миллион, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бошига тўрт юз минг сўм миқдорида ажратилади.

Энг қувонарлиси, Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманлари чорвачиликка ихтисослаштирилди. Ушбу ҳудудларда замонавий чорвачилик комплексларини ишга тушириш, яйлов ва пичанзорлардан самарали фойдаланиш ҳисобига аҳолининг чорвачилик маҳсулотлари, айниқса, гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш ишлари бошлаб юборилди.

— Айни вақтда сиз ташкил этган уюшманинг фаолияти нималардан иборат? Бу вазифаларни қанчалик уддалашга эришиляпти?

— Биз кўплаб фермерларнинг фаолиятини ўргандик. Уларнинг чорва парвариш қилиши, сутни қайта ишлаш корхоналарини иш жараёни билан танишмоқдамиз. Шунингдек, бизнинг мулкдорларга керакли жиҳозларнинг нархларини қиммат бўлмаслиги, биржадан олинган ускуналарнинг сифати юқорилигини таъминлаш ҳаракатидамиз. Шунингдек, оилавий кооперацияларни ташкил қилишга киришдик. Бу тузилманинг ўзига хослиги тез ривожланиб, харажатнинг эса кам бўлиши.

Биз тўртта туманга хизмат кўрсатишимиз керак. Суриштириб келсак ва хориж тажрибасини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳар бир туманда алоҳида уюшма бўлиши керак. Улар ҳудуддаги чорва молларини ҳисобга олиб, ишни ташкил қилади. Фермерларни бошини бир жойда қовуштириб, уларга ҳар жиҳатдан яқиндан кўмак беради.

Уюшмамизда соҳанинг малакали, етук кадрлари фаолият юритмоқда. Янги очилган малака ошириш курсларида 18 кишилик гуруҳда чорвага қизиққанлар таълим олмоқда. Шунингдек, чорва хўжалигида жараёнга кўра, сутни қайта ишлаш цехида тайёрланаётган 15 хилдаги Италия пишлоғи тайёрлаш сирларини ўрганади. Йўқса, Италияга бориб, ўқиб келишга камида 5 минг доллар керак. Биз эса битта вакилни ўрганиш учун юбордик, у эндиликда ҳаммага бу тажрибани оммалаштирмоқда. Сертификатлар берамиз. Ўзини алоҳида қобилиятини намоён этган талабаларни ишга олиб қоламиз.

Айни вақтда 1200 соғин сигир, 200 бўрдоқи парваришлаш ва сутни қайта ишлаш корхонасини ташкил этишга тайёрмиз. Шу боис ҳар бир оилага юз бош соғин сигир беришни мўлжаллаб ферма қуришни бошладик. Бу ишлар икки ойда якунига етади ва сентябрда наслли қорамол олиб келамиз.

— Икки ойда қурилиш якунланса, нима учун чорвани олиб келишни сентябрга қолдирасизлар, маблағ масаласида муаммолар борми ёки талабгорлар йўқми? Аслида чорва ўзини қанчалик оқлайди?

— Мазкур фермаларнинг янги иш бошлашини ҳисобга олсак, озуқа масаласи юзага келади. Озуқа йўқ жойда эса чорвани аҳволи ўзингизга маълум. Ёзда пичан, сомон ва маккажўхорини йиғиб, кўнгилни хотиржам қилиб, чорвани кузда хориждан олиб келамиз.

Чет элга бориб, чорвадорлардан сўранг, текстил ёки қурувчи бўласизми, деб. Улар йўқ деб айтади. Чунки, чорвачилик сулолалари 200-300 йилдан буён давом этиб келмоқда. Шунингдек, унинг фойдаси бошқа соҳалардан кўра кўпроқ. Ҳаттоки, бизда ҳам фойда бирга учни ташкил қилади. Ҳеч бўлмаса бирга бир қолади.

Хабарингиз бор, озиқ-овқатнинг баҳоси нафақат бизда балки бутун дунёда ошиб бормоқда. Ошхонага кириб овқат есангиз, анчагина пул тўлайсиз. Халқнинг тўқ яшаши учун бизга озиқ-овқат керак. Шунинг учун ҳар бир оилага юзтадан қорамол таклиф қиляпмиз.

— Оилавий кооперацияларнинг ўзига хослиги нимада, улар эски колхозга ўхшаб кетмайдими, тузилмани нима учун яхши самара беради деган қарорга келинди?..

— Чорвачиликда соат олти бўлибди, уйга кетаман деган тушунча ўзини оқламайди. Қорамол тирик жон у ускуна эмас, бузилса, бугун иш вақтим тугади, эртага тўққизда келиб тузатаман деб ташлаб кетиб бўлмайди. Оилага берилса, хусусий бўлса тунги бир бўлса ҳам унга қараб чиқади.

Ота, она, ўғил, қиз ишлагани учун навбат билан ишлаши мумкин. Ишга кетадигани эрталаб, сигирни соғиб кетавериши ҳам мумкин. Озиқ-овқатни ким беради, деб қайғурмайди. Чунки, бу иш билан фермер шуғулланади. Уларга ернинг тилини тушунадиган агроном бириктирилади. Ҳамма кооперативда бирга, ҳамкорликда ишлайди.

Тўғри, буни олдинги колхозларнинг иш фаолиятига ўхшайдиган жиҳатлари ҳам бор. Мисол учун, ўнта оилавий кооперация очилди ва уларга юз бошдан қорамол берилди. Уларга ер ва техника керак эмас. Ўйлаб кўрсангиз, битта техника анча пул бўлади. Олди ҳам дейлик, 30 гектарда битта техника 4 соат ишлайди ва керак бўлмайди. Аслида техникадан максимал даражада фойдаланиш керак, уни кўргазмага олиш керак эмас. Шунинг учун, барча техника бир кишида жамланади ва навбат билан буюртма асосида ишлайди.

Энди ер масаласига келсак, ўнта одам ундан ўн хил ҳосил олади. Бири кўп олса, бири ўртача яна бошқаси кўп. Шунинг учун уларга иккита агроном хизмат кўрсатади ва бир-бири билан рақобатда меҳнат қилади. Ҳосилга қараб уларга маош берилгандан кейин барча эътибори ҳосилдорликни оширишга қаратилади.

Қайд этиш керакки, айни вақтда бу ишлар Қўнғирот туманида бошланди. Бўзатов кейинги навбатда турибди. Кузда иш бошланса ва самарадорлик яхши бўлса, кейинги йилларда бу уюшмалар билан ҳамкорликда ишлаш истагини билдирувчи аҳоли сони ортиши шубҳасиз.



17 394
Сайёра ШОЕВА, ЎзА