ЎзА Ўзбек

01.05.2018 19:46 Чоп этиш версияси

Чорвачилик истиқболлари муҳокама этилди

Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида “Ўзбекистонда гўшт ва сут ишлаб чиқариш истиқболлари: эришилган ютуқ ва мавжуд муаммолар” мавзусида халқаро илмий-амалий ўқув-семинар ўтказилди.

Унда Самарқанд, Жиззах, Навоий, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари вакиллари, наслчилик йўналишидаги мутахассислар, ветеринарлар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда чорвачиликни бугунги кун талаби ва халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш, аҳолининг сифатли гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилаётгани таъкидланди. Чорвачилик соҳасини илмий асосда ташкил этиш, наслчилик ишларини тўғри йўлга қўйиш, чорва маҳсулдорлигини ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларда Халқ банкининг ҳам ўрни катта бўлмоқда. Мазкур семинар ҳам давлатимиз раҳбари томонидан соҳани ривожлантириш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Халқ банки ҳамда Республика “Насл-хизмат” чорвачиликда наслчилик уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Семинарда Германиянинг "ZVE-Zuсhtvieh Export GmbH" компанияси тижорат директори Виктор Берч, Голландиянинг "Trouw Nutrition" компанияси мутахассислари Игорь Детко ва Артур Свирид, халқаро мустақил ветеринар шифокор Коган Ярослав чет давлатлардан наслли мол келтиришда тўғри танлаш ва баҳолаш, қорамолчиликда озуқа тайёрлаш, қайта ишлаш ва озиқлантириш технологияси, чорва молларида учрайдиган касалликлар ва уларнинг олдини олиш юзасидан маъруза қилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

– Ўзбекистонда хориждан наслли мол келтириш ва кўпайтириш борасида олиб борилаётган ишлар эътиборга лойиқ, – дейди Голландиянинг "Trouw Nutrition" компанияси мутахассиси Игорь Детко. – Лекин бу молларни парваришлаш, озиқлантириш бўйича маҳаллий фермерларга соҳа мутахассислари ёрдам бериши зарур. Чунки, кўп ҳолларда фермерларнинг бу борада етарли билим ва тушунчага эга бўлмагани кўзланган натижага эришишда муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шу сабабли келгусида фермерлар учун бундай ўқувларни мунтазам ташкил этиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

– Хўжалигимизда мавжуд 150 бош чорванинг 36 боши Голландиядан келтирилган наслли моллардир, – дейди Булунғур туманидаги “Келажак” фермер хўжалиги раҳбари Бекзод Эргашев. – Фаолиятимиз давомида шунга амин бўлдикки, бу наслли молларни парваришлаш, озиқлантиришда алоҳида ёндашув талаб этилар экан. Ишни шу асосда йўлга қўйганимиз туфайли наслдор молларимиз бош сони кўпаймоқда. Мазкур ўқув-семинарда ўзимиз учун кўплаб фойдали маълумотларга эга бўлдик, шунингдек, хорижлик мутахассислар билан ўзаро тажриба алмашдик.

Ўқув-семинарда юртимизда чорвачиликни ривожлантириш юзасидан хорижлик ва маҳаллий мутахассислар, фермерлар ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
9 457