Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2018 18:55 Чоп этиш версияси

Чортоқда ишлар чатоқми?

Чортоқда ишлар чатоқми?
Тошкент вилоятининг айрим қишлоқларида оддий кундалик турмуш учун зарур бўлган электр энергияси, газ, ичимлик суви, йўл билан боғлиқ муаммолар бор. Президентимиз ташаббуси билан “Обод қишлоқ” дастури ҳаётга татбиқ этилаётгани жойларда шу каби муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.

Юртдошларимизнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашини таъминлашдек олижаноб мақсадга хизмат қилаётган ушбу дастур ижроси доирасида Тошкент вилояти қишлоқларида ҳам улкан бунёдкорлик, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Вилоят “Обод қишлоқ” штабидан маълум қилишларича, ҳозирги кунга қадар дастурда режалаштирилган вазифаларнинг қарийб 50 фоизи бажарилган.

– Дастлаб 30 қишлоқда қарийб 243 миллиард сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси“ ишлаб чиқилган эди, – дейди вилоят “Обод қишлоқ“ штаби раҳбари М.Ботиров. – Вилоят ҳокими ташаббуси билан дастурга ҳар бир тумандан яна биттадан, жами 15 қишлоқ киритилди ва ушбу қишлоқларни ободонлаштириш учун қўшимча 137 миллиард 873 миллион сўм маблағ ажратилди.

Вилоятда обод қишлоқлар кўпайиши билан бажарилиши лозим бўлган вазифалар салмоғи ҳам сезиларли даражада ошди. Жумладан, дастур ижроси юзасидан ишлаб чиқилган "йўл харитаси"га мувофиқ, таъмирланиши ва ободонлаштирилиши режалаштирилган уй-жойлар 3 минг 236 тага кўпайиб, 17 минг 479 тага етди. Ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 73 километрлик сув қувури тортиш бўйича қўшимча режа белгиланиб, умумий масофа 172 километрга етказилди. Таъмирланиши ва янгидан тортилиши белгиланган электр энергияси тармоғи 135 дан 243 километрга, газ тармоғи 18 дан 144 километрга, ички ва хўжаликлараро йўллар 225 дан 318 километрга етказилди. Ижтимоий соҳа объектларига яна 34 муассаса қўшилди ва улар сони 72 тага етди.

Ҳозирги кунга қадар ижтимоий соҳа объектлари бўйича белгиланган вазифалар 99 фоизга, газ таъминоти йўналишида 64, электр энергияси борасида 62, ичимлик суви таъминоти бўйича 32 фоизга бажарилган. Бироқ, тозалаш иншоотлари ва оқова сув хандақлари барпо этиш, уй-жойларни таъмирлаш ва ободонлаштириш, ички ва хўжаликлараро йўлларни таъмирлаш борасидаги ишлар суст бормоқда. Масалан, Янгийўл туманининг Чортоқ маҳалласида шундай ҳолатни кузатиш мумкин.

Маҳалла пойтахтнинг Сирғали тумани билан қўшни бўлиб, 7 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада дастур ижроси юзасидан “йўл харитаси“ ишлаб чиқилган, бажарилиши лозим бўлган қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 6 миллиард 634 миллион сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. Жумладан, 496 хонадон, шундан 16 таси маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирланиши белгиланган.

– Уйимизни таъмирлашда ёрдам беришларини эшитиб, рости, қувондик, – дейди Қирариқ кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Б.Тўлаганов. – 15 кун бўлди уйнинг томини очиб, сувоқ қилдик. Шу кунларда шифер ва ёғочни ҳам олиб келишларини айтишган. Ҳозирча келтиришмади, ким билади, балки 16 уйга бир вақтда олиб келишар. Кутяпмиз...

Жорий таъмирланиши белгиланган 3 минг 600 метр йўлнинг 2 минг 800 метри таъмирдан чиқарилган. Янгидан асфальт ётқизилиши белгиланган Қирариқ 1- ва 2-берк кўчаларида ҳали иш бошланмаган.

– Қирариқ 3-берк кўчасида яшайман, – дейди исми-шарифини ошкор қилишни истамаган фуқаро. – Бизнинг хоҳишимиз ҳамиша имкониятимиздан юқори бўлган. Буни тушунаман ва ёнма-ён жойлашган 2-берк кўча дастурга кириб, кўчамиз қолиб кетганидан хафа эмасман. Аммо ичимлик суви тортиб беришганида яхши бўларди. Биласиз, тоза сув – соғлиқ гарови.

Янгиҳаёт 2- ва 3-берк кўчалари аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 1 минг 600 метр узунликда сув қувури тортилган, аммо негадир ҳалигача тармоққа уланмаган.

Чортоқнинг яна бир эътиборли жиҳати, маҳалла аҳолисининг қарийб 500 нафари 7 ёшгача бўлган болалардир. Аммо ҳудудда шу кунга қадар мактабгача таълим муассасаси бўлмаган. Аҳоли боласини Сирғали тумани ҳудудидаги боғчаларга олиб борган.

– 3 нафар фарзандим бор, – дейди Қирариқ 1-берк кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Н.Тўлаганова. – Уларни шаҳарга олиб бориб келишнинг ўзи бўлмайди. Йўл ҳақи, яна шаҳар боғчаларининг нархи, қани энди ўша боғчалар ўзимизда бўлса!?

Чортоқдаги ишлар умуман қониқарсиз, дейиш фикридан йироқмиз. Чунки маҳаллада эътирофга сазовор ишлар ҳам кўп. Буни биргина тадбиркор М.Рўзиметов томонидан хусусий боғча, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган цех, спорт-соғломлаштириш мажмуаси бунёд этилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Аваз Худойқулов, ЎзА
7 261