ЎзА Ўзбек

03.07.2020 Чоп этиш версияси

ЧОЛЛАР (Воқеий ҳикоя)

ЧОЛЛАР (Воқеий ҳикоя)

Алишер хонасига кирибоқ дераза туйнугини очиб қўйди. Туни билан димиққан хонага тонг шабадаси ёпирилди. Компьютерни ёқиб, интернетга кирди. Сайтларга бирров кўз югуртириб, дунё ахборотлари билан танишди.

Бирон соатдан сўнг йўлакда ҳамкасбларининг қадам товушлари эшитилиб, ходимлар ишга кела бошлади. Ички телефон жиринглади. Пастда, бинога кираверишда ўтирадиган, келувчиларга рухсатнома берадиган қиз экан.

– Ассалому алайкум, Алишер ака! – Гўшакдан қўнғироқдек овоз жаранглади. – Шикоят билан келишибди. Кирамиз, дейишаяпти.
– Ким, қаердан, қандай масалада экан? – Энсаси қотди Алишернинг. Кейин қўшиб қўйди: – Шулар ҳам жонга тегди.
– Ота-бола. Ер масаласида. Олдингизга чиқараяпман.

Сал ўтмай қабулхонада ёши саксонларни қоралаган, оқ-сариқдан келган басавлат одам ёнида полвонкелбат йигит билан пайдо бўлди. Алишер “меҳмон”ларни кутиб олиб, ўриндиққа таклиф қилди. Ҳол-аҳвол сўрашгач:

– Хўш, хизмат, отахон? Қаерлардан сўраймиз? – деди.
– Биз Каттатоғдан. Ҳақиқат излаб юрибмиз... Бу йигит ўғлим.Ташқарида машинада келин, набиралар ҳам бор, – гап бошлади отахон.
– Бир йўла пойтахтни ҳам томоша қилиб келайлик, дебсизлар-да, – кулди Алишер.
– Ҳа энди, бу гапингизда ҳам жон бор. – Гап тагидаги кесатиқни англамади отахон. – Тошкентда бир қизим, бир ўғлим яшайди. Шуларникида меҳмон бўлиб турибмиз-да. Кеча соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари қабулида бўлдим. Бир кўзим хиралашган. Қўли остидагиларга топшириқ берди. Индинга навбатсиз операция қилишади. Ҳали қизимнинг ўқиши масаласида Таълим вазирлигига, ўғлимнинг иши бўйича Марказий банкка боришим керак. Лекин, асосийси, Сизга боғлиқ. Шу биз яшаб турган ҳовлимизнинг ёнида озгина қаровсиз ер бор эди...

Чолнинг овозидаги кибр ва виқор Алишерга ёқмади. Отахоннинг айтишича, шу ерга қўшниси, у ҳам бегона эмас, ўғлининг тоғаси эгалик қилиб олибди. Шу масалада икки йилдан бери бормаган идораси, учрашмаган раҳбари қолмабди. Судлар ҳам “рақиб” томонга ён босаётганмиш.

Алишер отахон қўлига тутган ҳужжатлар тўпламини варақларкан, боши айланиб кетди, асаби бузилди.Ўзини зўрға босиб, отахонга юзланди.

– Каттатоғ дегани кенг жой, ер мўл бўлса, тортишаётган одамингиз хотинингизнинг укаси, ўғлингизнинг тоғаси экан... Бу ўткинчи дунёда жигарларни бири-биридан узоқлаштириб нима қиласиз?

– Тўғри айтасиз, ўғлим. Бизнинг еримиз кўп. Ҳар бир боламда ҳовли, ҳамма нарсамиз бор. Аммо орият-чи? Фалончи домла ёзавериб, барибир ютқазибди-да, деган гап-чи? Шунинг учун бизга ёрдам берасиз энди...

“Меҳмон”ларни яхши гаплар билан бир амаллаб тинчлантириб, лифтгача кузатиб қўяркан, боши қизиб кетди – қон босими кўтарилди. Кабинетига қайтаркан, котибага аччиқ кўк чой буюрди.

...Ўтган шанбада қишлоққа кексайиб қолган ота-онасини кўргани борганди.Умр бўйи совхозда оддий ишчи бўлган отасининг гурунглари унга ёқади. Афсуски, иш сабаб доимо ҳам олдида бўлолмаганидан хижолат чекади.

– Шунча йил давлатга ишлаб, бирон марта санаторий-курортда дам ҳам олмабсиз-а? – деди бир гал отасини дам олишга юбориш ниятида.
– Феълим ёмон, ўғлим, уч кундан зиёд бегона жойда туролмайман. Раҳматли бобонг шунақа одам эди-да. Отадан қочиб, қаёққа ҳам борамиз.
– Пенсияларингиз етиб турибдими? – Яна ўсмоқчилайди у.
– Энанг икковимиз бир ярим миллион оламиз. Еганга тугамайди. Ҳамма нарса ҳовлимизда бор. Биз нимаям ердик. Нон-сув, сут-қатиқ, мева-чева дегандай... Қишлоқда ҳар куни тўй-маърака бўлса...
Отасининг гапи тугамайди.

– Мана, ён қўшнимиз Хосият момони олайлик. Эри ўлганига қирқ йилдан ошаяпти. Бир этак бола билан қолувди, бечора. Шуларнинг ҳаммасини жойлаштирди – қизларни узатди, ўғилларни уйлантирди. Ҳар йили бир тўй қилади, барака топгур. Худо ўзи бераркан. Шунинг учун пулга ҳам қаттиқ қизиқманг. Кўп пул ташвиш келтиради.
– Сиздай бўлолмадик, ота! Сиз доим хотиржамсиз.

– Бировни алдамадим. Ҳеч кимдан қарз эмасман. Худога шукр, тан-жоним соғ. Сиз амалдорсиз, амалдорларнинг эса муаммолари кўп бўлади. Чунки, қўл остингиздагилар учун ҳам жавобгарсиз. Бу ҳам тақдир, ўғлим. Ортингиздан ғурурланиб юраман. Менга қишлоқда “Тошкентда ишлаётган Фалончининг отаси” деб қарашади. Пенсиямни биринчи беришади, тўй-маъракаларда тўрга ўтқазишади...

Алишер кўк чойдан босиб-босиб ҳўпларкан, қишлоқни, отасини эслаб, кўнгли хотиржам тортди.

Абдужалол ТАЙПАТОВ
Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”
газетаси. 2020 йил 3 июль.

3 113
ЎзА