Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.03.2018 12:05 Чоп этиш версияси

“Чолиш” – кўп миллатли, обод қишлоқ

“Чолиш” – кўп миллатли, обод қишлоқ
Халқимизда “Ободлик кўнгилдан бошланади” деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, ўлкамизга кириб келган баҳор нафаси юртдошларимиз кўнглига ўзгача илиқлик ва шижоат улашаётир. Умумхалқ байрамимиз – Наврўз олдидан мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби кўҳна Хоразм воҳаси ҳам янгича қиёфа касб этмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган яна бир эзгу мақсад самарасида ҳар бир вилоятда “Обод қишлоқ”лар барпо этилаётгани қишлоқ аҳолиси фаровонлиги ва турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилаётир.

Чолиш – Урганч туманининг Амударё соҳилига энг яқин ҳудудда жойлашган қишлоқ бўлиб, 6 минг 500 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқдаги Мунис Хоразмий ва Комилжон Отаниёзов номидаги иккита маҳаллада 1 минг 119 хонадон мавжуд.

2 (1).jpg

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, вилоятнинг чекка ҳудуди ҳисобланган ушбу қишлоқ анча йиллар мобайнида мутасадди раҳбарлар назаридан четда қолиб кетган эди. Аҳолининг ўзига хос ижтимоий-иқтисодий муаммолари йиғилиб қолган. Қишлоқ кўчаларида фуқароларнинг ўзбошимчалиги билан турли кўринишдаги, ҳеч қандай талаб ва нормаларга жавоб бермайдиган ноқонуний қурилмалар қурилган. Қишлоқ ичидан оқиб ўтувчи ариқ-зовурлар тозаланмаган, ёнидан ўтган киши бадбўй ҳиддан нафас ололмас эди. Ички йўллар аҳволини айтмаса ҳам бўлади. 

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган секторлар самарали фаолият юритмоқда.

Урганч тумани вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов бошчилигидаги учинчи сектор таркибига киради. Ҳудудда вилоят ишчи гуруҳининг махсус штаби ташкил қилиниб, амалий ишларга киришилган. Ҳудудларда уйма-уй юриб, аҳолининг яшаш шароити ва муаммолари ўрганилиб, аниқланган муаммоларнинг кўпчилиги жойида бартараф этилмоқда.

– Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган ишга барча бирдек хайрихоҳлик билдирмоқда, – дейди Урганч тумани ички ишлар бўлими бошлиғи М.Ражабов. – Қишлоқни ободонлаштириш натижасида ҳудуддаги 7 километр ариқ-зовурлар, 20 гектар томорқа ерлар ортиқча хас-чўплардан, чиқиндилардан тозаланиб, шудгор қилинди. Уч ярим мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтларга ишлов берилди. Аҳоли томонидан 150 дан ортиқ ноқонуний қурилмалар, 6,5 минг метрлик тўсиқ ва панжаралар олиб ташланди. Бу ишларга 60 дан ортиқ турли техника ва 1 минг 500 мингдан ортиқ ҳашарчи жалб этилди.

Бу хайрли тадбирларда қишлоқ аҳолиси ҳам ташаббус кўрсатиб, тоза-озода яшашни аввало оилада шакллантириш кераклигига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ушбу кенг кўламли ишларга вилоят ва туман ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол ёшлари хайрихоҳ бўлиб, қишлоқдаги ёлғиз, ногирони бор, кекса хонадон эгаларига ёрдам берилмоқда. Томорқа ерлари чопилиб, атрофи обод этилаётир.

– Қишлоқ аҳолисининг учдан бир қисмини қозоқ миллатига мансуб фуқаролар ташкил қилади, – дейди маҳалла фаоли С.Иброҳимов. – Қишлоқдаги махсус қозоқ тилига ихтисослаштирилган мактабда ўқувчиларнинг билим олиши учун барча шароит яратилган. Аммо бизни доимо бир нарса қийнаб келарди, у ҳам бўлса, қишлоғимизнинг хунук қиёфаси. Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган ушбу хайрли лойиҳага айнан биз яшаётган қишлоқ тушганидан мамнун бўлдик. Ўн бир миллат вакиллари бир оиладек тинч-тотув истиқомат қилаётган қишлоғимиз аҳолиси ташкилотчилардан миннатдор.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида олиб борилаётган ишларни кузатар экансиз, бунда халқимизнинг ҳашар, меҳр-оқибатлилик каби улуғ қадриятлари ўзининг амалий ифодасини топганлигига гувоҳ бўласиз. Энг муҳими, бу йил чолишликлар Наврўз умумхалқ байрамини гўзал ва обод қишлоқда нишонлашади.

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат) ЎзА
11 972