ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Чодирдўзнинг даҳо фарзанди

Чодирдўзнинг даҳо фарзанди
Мутолаа

Кўҳна Шарқ азалдан дунё тамаддунига мислсиз ҳисса қўшган минглаб даҳоларни, фозилу фузалолар, олиму алломаларни етказиб берган. Улар орасида шоир, файласуф, фалакиётшунос ва риёзиёт илмининг етук билимдони Умар Хайём номи алоҳида ўрин тутади.

Унинг фалсафий мушоҳадаларга бой, пурҳикмат рубоийлари кириб бормаган бирорта ўзбек хонадони, шоирнинг назм гулшанидан баҳра олмаган бирор бир ўзбек китобхони топилмаса керак.

Умар Хайём деганда кўпчилик фақат май ва майхўрликни таърифлаб, бу хусусда ажиб шеърлар битган нозиктаъб шоирни тушунади. Унинг бошқа қирралари, илмий фаолияти ҳақида ҳаммамиз ҳам билавермаймиз.

Манбаларнинг шаҳодат беришича, Ғиёсиддин Абулфатҳ Умар ибн Иброҳим Хайём Нишопурий милодий 1048 йилнинг 18 май санасида Эроннинг қадимий Нишопур шаҳрида камбағал Иброҳим чодирдўз оиласида дунёга келган. У кейинчалик ўз тахаллусини ҳам отасининг касбидан келиб чиқиб танлаган. (“Хайём” араб тилида чодир тикувчи дегани).

Умар Хайём ёшлигидан илм-маърифатга, шеъриятга меҳр қўйган. Ўзидан аввал яшаб ўтган Абу Абдуллоҳ Рўдакий, Абулқосим Фирдавсий, сингари шоирлар, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний сингари алломалар яратиб қолдирган бой меросни синчиклаб ўрганган.

Дастлабки маълумотни Исфаҳонда олгач, барча шарқ мутафаккирлари сингари илм талабида Балх, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига бориб таҳсил олади. Айниқса, астрономия, математика, мантиқ фанларини чуқур ўрганади.

Умар Хайём 1074 йилда Салжуқийлар сулоласининг қудратли ҳукмдорларидан бири Султон Маликшоҳ ва унинг вазири, мутафаккирнинг сабоқдош дўсти Низомулмулкнинг даъвати билан Исфаҳонга келади ва шу ерда йирик расадхона брпо этилишида бош-қош бўлади.

Аллома умрининг охирига қадар шу даргоҳга раҳбарлик қилади. Илми нужум сирларини очишга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшади. У тиб илмининг етук намояндаси, мутафаккир Ибн Синони ўзига ғойибона устоз деб билади. Унинг араб тилида битилган қатор асарларини форсийга ўгиради. Хайём “Коинот ва унинг вазифалари ҳақида рисола, “Борлиқ ҳақида рисола”, “Борлиқнинг умумйилиги ҳақида рисола” сингари асарларида Ибн Синонинг фалсафий ва ғоявий қарашларини давом эттирган. 1077 йилда машҳур юнон математиги Евклид (Иқлидус) нинг асарларини пухта ўрганиб унга шарҳ битади.

Айни пайтда ҳам математик анализ, сонлар ва эҳтимолар назариясида муҳим ўрин тутадиган бином формуласининг кашф этилиши машҳур инглиз олими Ньютон номи билан боғланади. Аслида мазкур математик ифодаларни улуғ олим Умар Хайём “Мушкулот ул ҳисоб” (“Арифметика муаммолари”)да очиқ акс эттириб берган эди.

Маълумки, бугунги кунда бутун дунёда милодий тақвимга асосланган Григориан календари дунёнинг аксарият мамлакатларида расман қабул қилинган. Бироқ ушбу тақвимда ҳам бир қатор ноаниқликлар мавжудлигини мутахассислар эътироф этадилар. Чунки, мазкур тақвимдаги милодий йил ва Ернинг қуёш атрофида айланиб чиқишига асосланган тропик йил ўртасида сезилар-сезилмас тафовутлар бор. 1079 йилда Умар Хайём томонидан тузилган тақвим ўзининг аниқлиги билан Григориан календаридан фарқланиб туради.

Умар Хайём тарих, этнография сингари соҳаларнинг пухта билимдони эди. Унинг Наврўз тарихи, у билан боғлиқ қадимий удумлар, урф-одатлар ҳақида битган “Наврўзнома”асари бугунги кун ўқувчиси учун ҳам қимматли аҳамиятга эгадир.

Бироқ тан олиш керак, Умар Хайёмга унинг илмий фаолиятдан ҳам кўра, бадиий мероси, қимматли рубоийлари оламшумул шуҳрат келтирди. Ҳолбуки, Умар Хайём ҳам худди устози Ибн Сино каби ўзини шоир деб билмаган, шеъриятни кўнгил мулки, маънавий озуқа манбаи сифатида эъзозлаган. Илмий изланишларидан толиққан пайтлари ўзига руҳий мадад бериш мақсадида кўнглидаги дардлари, ўй-хаёлларини шеърий йўл билан ифодалаган. Таъбир жоиз бўлса, бу рубоийлар улуғ аллома руҳияти, маънавий дунёсининг рангин ва бетакрор манзараларидир.

Умар Хайём шоир сифатида ўлимидан анча кейин шеърият мухлисларининг эътиборини торта бошлаган. Улуғ бобомиз Алишер Навоий ўз асарларида туркий ва форсий тилларда ижод қилган юзлаб шоирларни тилга олиш баробарида Умар Хайём номини бирор марта зикр этмаганлари ўша пайтларда ҳам Хайёмнинг машҳур рубоий навис сифатида танилмаганидан далолатдир.

Аслида унинг рубоийларида Замон, Макон ва Инсон орасидаги боғлиқлик, муштараклик, башариятни минг йиллар мобайнида қийнаб келаётган саволларга жавоб излаш, ҳаётнинг асл мазмун-моҳияти ва тасаввуфий қарашлар яққол ўз аксини топган.

Хайём шеърияти Ғарбда ҳам ўзининг серқирралиги, пурмаънолиги ва нафосати билан машҳур бўлган эди. Жорж Байрон, Йоҳанн Гёте, Фридрих Шиллер, Фицжеральд сингари ғарбнинг кўзга кўринган алломалари Хайём ижодидан яқиндан таниш бўлганлар. Ундан илҳомланиб гўзал асарлар битганлар.

1912 йилда денгиз қаърига чўкиб келган машҳур “Титаник” кемаси бортидан ҳам Хайём рубоийларидан намуналар топилгани Ғарбда шоир ижодига эътибор қанчалар кучли бўлганидан далолат беради.

Улуғ шоирнинг гўзал рубоийлари ярим аср муқаддам таниқли шарқшунос олим, етук таржимон, Халқаро Фирдавсий мукофоти совриндори Шоислом Шомуҳамедов томонидан маҳорат билан тилимизга ўгирилган. У кишининг таржимасидаги юзлаб рубоийлар шеърият ихлосмандларининг кўнгил мулкига айланиб улгурган.

Хайёмнинг аксарият рубоийларида ҳаётнинг бебақолиги, эзгулик ва инсонийликнинг абадийлиги қайта-қайта эслатилади. Очкўзлик, риёкорлик, ҳасад, адоват сингари иллатлар кескин қораланади.

Сен-мендан олдин ҳам тун-кун бор эди,

Айланган фалак ҳам бутун бор эди.

Тупроққа авайлаб қадамингни қўй,

Бу тупроқ қора кўз бир нигор эди,

дейди шоир машҳур рубоийларидан бирида. Умрнинг фонийлиги ана шундай оддий, бўёқсиз ва ҳаққоний воситалар ёрдамида аниқ-тиниқ кўрсатиб ўтилган.

Хайём рубоийларида тез-тез такрорланадиган тимсоллардан бири шубҳасиз майдир. Кўпчилик наздида Умар Хайём май ва майпарастликни улуғлаган шоир бўлиб танилган. Бу мутлақо ноўрин фикрдир.

Умар Хайём Ислом Ренессанси даврида, дин жамятнинг асосий негизи саналган бир пайтда яшаб ўтган. Қолаверса, Ҳайём ҳақидаги маълумотлар битилган тарихий асарларнинг бирортасида унинг майпарастлиги, майга рағбати тилга олинмаган.

Шарқ шеъриятида май асосий образлардан бири эканини яхши биламиз. Ҳазрат Навоий ғазалларида ҳам май мажозий маънода, инсоннинг илоҳий муҳаббати рамзи сифатида ифодаланганини яхши биламиз. Хайём рубоийларидаги май ҳам айнан инсонни маст қилувчи оддий ичимлик эмас. Унинг илоҳий муҳаббати, ишқи тимсолидир. Унинг мана бу рубоийсига эътибор қаратайлик:

Шундоғ ичайин шароб, то мен ўлсам,

Чандон уфурар май ҳиди қабримдан ҳам.

Хоким иси айлагай ани масту хароб,

Майхўрки, қабрим бошиға қўйса қадам.


Рубоийнинг зоҳирий маъносига эътибор қаратсак. Ҳар қандай муккасидан кетган майпарастнинг ҳам қабиридан май ҳиди уфуриб турмаслиги ўз-ўзидан равшан. Муболаға нуқтаи назаридан олиб қаралганда ҳам, бу ерда сўз фақат одатий майхўрлик ҳақида кетмаётганини англаш қийин эмас.

Хайём назарда тутаётган шароб, ишқ, илму-маърифат, илоҳий камолот белгиси. Тупроқ эса боқийлик, абадият тимсоли. Бу тупроқдаги “май ҳиди” Хайёмнинг бой маънавий мероси ва унда акс эттирилган теран илоҳий маънолардир. Улуғ шоир майхўр деганда ана шу ишқни, илоҳий, муқаддас бир дард, муҳаббат ва маърифат талабгорларини назарда тутган эди. Хайём ўз меросига юзланган барча келажак насллар ана шу бебаҳо меросдан баҳраманд бўлишини истаган бўлса не ажаб. Зеро, “Масту хароблик” аслида асл ҳақиқатни англаш бахти, сармастликдир.

Бу ҳар қалай бизнинг фикримиз.


1 861
Рустам ЖАББОРОВ. ЎзА