ЎзА Ўзбек

24.07.2018 14:05 Чоп этиш версияси

Чироғи сўнмайдиган юрт...

Чироғи сўнмайдиган юрт...
Бир неча йиллар аввал ҳамманинг, айниқса, олис вилоятларда истиқомат қилаётганларнинг юрагини бир дард кемирарди. Қайси асрда яшаяпмиз? Нега дунёни чароғон айлаган электр энергияси қишлоқларга деярли етиб бормай қолди?

592ebfbe8532f872bb7d6dbcec416fcd55e6a41b6c034129362026.jpg
Саволларга узоқ жавоб изланди. Ҳеч ким айбдор эмас, ҳамма айб... электрда (ўйноқи бўлиб қолганида...) Бунақанги ўйноқилик кўпчиликнинг асабини бузиб, эсини кетказаёзди. Олис қишлоқлардан пойтахти азимга қанот қоққан, юрак қонида битилган мактублар, қалб ўртанишлари архивлардан жой эгаллади. Ҳисоботларда номигагина эсга олинди. Жавоб берувчиларнинг айтар сўзи йўқ. “Ҳаммаси яхши бўлади, ҳаракат қилаяпмиз”дан нарига ўтилмади. Йилларга сочилган азоблар оҳига қайдлар рўйхатидан ҳам ўрин тегмай қолди. Шунда уйғониш рўй берди. Мудроқ кўзлар очила бошлади. Келажакда эмас, бугун яхши бўлиши керак, деган гаплар кўнгилларга осойишлик эпкинини олиб келди. Давлат идоралари ким учун ишлаши кераклиги уқтирилгач, дўппини олиб қўйиб, ўйлашга киришилди. Қандай йўл тутмоқ лозим?! 

Умидсизлик ўрнини эгаллаган ҳайрат...

152895471711.jpgЮракларни зада қилган, йиғилиб қолган турли муаммолар секин-аста жўяли ечим топа бошлади. Кўкрагини шамолга тутаётганлар шодлигининг эса чеки йўқ. Халқ дарди билан яшаётган давлат раҳбари одамларни яхши яшашга ундай бошлади. "Ҳар бир оила – тадбиркор" дастури кўплаб хонадонларга қувонч олиб кирди. Мақсади аниқ, тадбирли кишиларга муносиб рағбат кўрсатилаётгани жамият ривожини яна бир карра жадаллатгани аниқ.

Айниқса, "Yoshlar – kelajagimiz" Давлат дастури ёш авлод учун имконият сарчашмаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Бу билан юртимиздаги барча тоифадаги ёшлар эътиборга олина бошлади. Уларни ўйлантираётган муаммолар, чигал масалалар бирин-кетин бартараф қилинди. Вилоят раҳбарлари ҳафтада бир кун ёшлар билан ишлашга енг шимариб киришди.

“Обод қишлоқ” ва "Обод маҳалла" дастурлари жорий этила бошлагач ўзгаришлар, чин маънодаги янгиланишлар тушда эмас, ўнгда кечаётгани ҳали-ҳануз кўпчиликни гангитиб келмоқда.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини жамоатчилигимиз илиқ қарши олди. Ахир электр энергияси таъминотининг узлуксизлигини таъминлаш ғоят муҳим экани ҳеч кимга сир эмас. Фармонда қайд этилганидек, мамлакатда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва янгиларини ташкил этишга қаратилган фаол инвестиция сиёсати, шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар йилдан-йилга эҳтиёж ортиб бораётган энергия ресурсларини ишончли манбалар билан таъминлашни талаб қилмоқда.

Сизга нима?!

Ўзгаришлар, янгиланишлар ясаш учун катта тўсиқларни босиб ўтишига тўғри келади. Ўтмишдан маълумки, янгилик бирданига қабул қилинавермаган. Эътироз билдирувчилар, ёқловчилар ва бетарафлар бўлган, бўлади ҳам. Хорижда юртимизда кечаётган улкан эврилишларни "синчковлик" билан кузатиб турганлар айёрона қарашларни тарқатишга, бошқалар эътиборини ҳам шунга қаратишга уринади. Тинчлик ва осойишталикка хизмат қилишга қаратилган йирик лойиҳаларимизни ҳам ҳамма бирдек хуш қарши олмаслиги тайин.

7.jpg

Шу элда яшаётган, яхши-ёмон кунларни бошидан ўтказиб келаётган халқимиз бу ўзгаришлардан мамнунлигини яширмаяпти.

– Бу олам-жаҳон ўзгаришларга дастмоя бўлади. Янгиланишларнинг янги бир босқичини бошлаб беради. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони кўз кўриб қулоқ эшитмаган ихтироларга, оламшумул тараққиётга асос бўлиб хизмат қилади, – дейди хоразмлик Марғуба Ражабова. – Бугун ҳеч нарсани ортга суриб, сусткашлик қилиб бўлмайди. Бундай силлиқ йўл танланса келажак авлод олдида жавобгар бўлишимиз муқаррар. Шундай экан, ким нима дейишидан қатъи назар, биз Президентимизнинг ўз вақтидан кечиктирмай олиб бораётган одилона сиёсатини ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз. У кишига елкадош бўлишга астойдил ҳаракат қиламиз.

Сен ёнмасанг, мен ёнмасам...

a098d1b4ac638f8f227eea418a518f85.jpg

Абитуриент Ҳумоюн Эргашев талаба бўлиш ниятида. У кўп вақтини мутолаага бағишлайди. Мақсади – келгусида атом энергетикаси бўйича илмий иш ёзиш. Шунданми, у Президентимизнинг фармонини олқишламоқда. “Бу ҳужжат мисли кўрилмаган янгиланишларга замин яратади”, дейди ўзининг келажагига теран нигоҳ ташлаб. Ҳумоюн, юртимизда атом энергетикаси соҳасини ривожлантириш борасида ёш мутахассисларга жиддий эътибор қаратилишидан мамнун эканини таъкидлади.

– Имтиҳон ўтиб, талаба бўлгач, хорижий тилларни янада мустаҳкамлашга киришаман. Келгусида таҳсилни хорижда давом эттириб, дунёга бўйлай оладиган етук мутахассис бўламан, – дейди у куюнчаклик билан.

Фармонда ҳам мутахассислар масаласига алоҳида эътибор қаратилган: “...талабаларнинг атом энергетикасининг аниқ мутахассисликлари юзасидан хорижий таълим муассасаларида таълим олиши ва стажировка ўташи...” Ҳумоюнга ўхшаган қанчадан-қанча фидойи ёшлар ўз заминининг тинчлиги, халқининг фаровон ҳаёти учун илм излашдек машаққатли, аммо шарафли ишга киришмаган дейсиз?!

Асрий эврилишлар...

143016_6bd2b3ed31c4193be29434ff11cc.jpg

Асрий эврилишларни бир лаҳзада босиб ўтишга шай бугунги замон сергакликни, вақтида тўғри тўхтамга келишни талаб этади. Шу маънода юртимизда атом электр станцияси қурилиши ўзбек халқининг бетимсол ютуғи бўлади. Лойиҳалаштирилаётган АЭСнинг ижобий томонларини санасак, бир неча соат ҳам камлик қилса кераг-ов. Шунинг учун фактлар ва ҳисоб-китобларни мутахассисларга қолдирганча, бундай эзгу ишларимизнинг бардавомлигини тилаб, яна фармонга юзланамиз: “Аҳоли ва мамлакат иқтисодиётининг электр энергиясига бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, энергия ҳосил қилувчи қувватларни кўпайтириш ҳисобига энергия билан барқарор таъминлаш, энергетика секторини диверсификация қилиш, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ва ушбу йўналишларга илғор инновацион технологияларни жорий этиш...” долзарб ва муҳимдир.

Ғайрат Ширинов, ЎзА
7 220