Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2017 15:00 Чоп этиш версияси

Чироқчилик уруш фахрийсига “Damas” автомобили топширилди

Президентимизнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Қашқадарё вилоятида ҳам 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш ва меҳнат фронти фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, моддий-маънавий қўллаб-қувватланмоқда, совға-саломлар топширилмоқда.

Вилоятда истиқомат қилаётган 120 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг саломатлигини мустаҳкамлаш ва турмуш шароитини яхшилаш доимий эътиборда.

– Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётгани кўнглимизни тоғдек кўтариб, умримизга умр қўшмоқда, – дейди Чироқчи туманидаги Додиқ қишлоғида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Жўра бобо Юсупов. – Кексаларнинг роҳат-фароғатда ва хотиржам яшаши учун барча шароит яратилмоқда, дўхтирлар саломатлигимизни доимо назорат қилиб боради. Ҳозир ўтмишни эслаш ниятим йўқ, лекин бугунги ёшларга бир нарсани айтишим шарт. Халқимиз уруш ва урушдан кейинги йилларда не машаққату заҳматларни кўрмади. Шунинг учун ёшларимиз бугунги тинчлик ниманинг эвазига келгани, халқимиз учун қанчалар қадрли эканини яхши билишлари керак. Мустақилликни, бугунги тинч ва фаровон кунларни қадрлаш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаши лозим. Яратганга шукр, тинчликнинг ортидан кўнглимиз хотиржам, турмушимиз обод.

Вилоят ҳокимлиги, “Қашқадарё автотеххизмат” масъулияти чекланган жамияти, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва бир қатор ташкилотлар вакиллари Жўра бобо Юсуповга “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган “Damas” автомашинаси калитини тантанали равишда топширди.

– Давлатимиз раҳбари биз, кексаларнинг кўнглини жуда яхши билар экан, – дейди Жўра бобо. – Қаранг-да, баъзан у ёқ-бу ёққа юриш, невара-чевараларникига меҳмонга боришда бироз қийналиб юрардим. Мана энди бемалол ўз машинамда боравераман. Тўғри, болалар қараб туришмайди, ҳаммаси хизматимизга шай. Лекин ўзингники бўлганига нима етсин. Бунинг учун Президентимиздан, ҳукуматимиздан, барча саховатли инсонлардан миннатдормиз.

Ўлмас Баротов, ЎзА
6 106






Все о погоде - Pogoda.uz