ЎзА Ўзбек

25.07.2018 17:43 Чоп этиш версияси

Чироқчида сутни қайта ишлаш цехи

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида тадбиркор Азамат Эшмирзаев томонидан сутни қайта ишлаш цехи ишга туширилди.

– Лойиҳада сутни қайта ишлаш цехи ва йирик чорвачилик мажмуаси қурилиши кўзда тутилган, – дейди “Ҳайитгул қаймоқ-сут” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Эшмирзаев. – Тижорат банкидан 250 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олдик. Ушбу маблағ эвазига хориждан сутни қайта ишлайдиган замонавий технология келтирилди. Туман ҳокимлиги томонидан "ноль" қийматда ажратилган бино қайта реконструкция қилиниб, ускуналар ўрнатилди. Албатта, бошида бироз қийинчилик бўлди, аммо ҳозир ишларимиз юришиб кетди.

Кунига 5 тонна сут қайта ишланаётган корхонада сметана, қаймоқ, қатиқ, бринза каби 6-7 турдаги сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. “Диёр милк” бренди остида ишлаб чиқарилаётган табиий маҳсулотлар тумандаги болалар боғчалари, йирик савдо дўконларига тарқатилаётир.

– Ускуналар жуда тежамкор ва сифатли, – дейди корхона технологи Ҳалим Жўраев. – Кунига 10 тоннагача сутни қайта ишлаш қувватига эга. Аммо, ҳозирча чорвачилик тармоғимиз ишга тушмагани боис, тўла қувват билан ишлатилганича йўқ. Сут аҳолидан махсус машиналарда йиғиб олинмоқда. Цехимиз яқинда ишга тушди. Лойиҳада 250 бош наслли қорамол боқишга мўлжалланган чорвачилик фермаси қуриш ҳам режалаштирилган. Бу борадаги ишларни ҳам бошлаб юборганмиз. Ҳозир фермани қуриш ва четдан наслли мол келтириш бўйича ҳужжат тайёрлаш ишлари якунига етди. Насиб этса, моллар келтирилса, цехимиз фаолияти янада кенгаяди.

Бу каби ишлаб чиқариш корхоналарининг кўпайиши нафақат туман иқтисодиёти ривожига, балки ҳудуд аҳолисининг бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Айни пайтда “Ҳайитгул қаймоқ-сут” масъулияти чекланган жамиятида 15 киши доимий иш билан банд.

Ўлмас Баротов, ЎзА
5 941