ЎзА Ўзбек

13.07.2018 15:40 Чоп этиш версияси

Чинозлик 14 нафар маҳбус афв этилиб, уларга 15 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди

Чинозлик 14 нафар маҳбус афв этилиб, уларга 15 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди
Кечиримлилик, ҳаётда адашганларга имконият бериб, уларни тўғри йўлга солиш халқимизга хос юксак фазилат.

Тошкент вилояти Чиноз туманида билиб-билмай турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолган 14 нафар фуқаро афв этилиб, оиласи ва яқинлари бағрига қайтарилди. Уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, яна адашмаслиги учун 15 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилиб, 13 нафарининг доимий иш билан бандлиги таъминланди. Бир нафарининг соғлиғини тиклаш бўйича тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Чиноз туманида ўтказилган оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, диний экстремизм ва ақидапарастликнинг олдини олишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирда бу борада олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши масъуллари, имом-хатиблар, маҳалла раислари, маҳаллаларнинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари иштирок этди.

Мамлакатимизда диний экстремизм ва ақидапарастликнинг олдини олиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, айрим юртдошларимизнинг йўлдан адашишига оиласидаги носоғлом муҳит сабаб бўлаётгани, диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишнинг олдини олишда оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

– Вилоятда 788 мингдан зиёд оила бўлиб, нотинч-ноқобил сифатида 428 оила рўйхатга олинган, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент вилояти кенгаши раисининг ўринбосари З.Жўраева. – Оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича вилоятдаги барча оилалар ўрганиб чиқилди ва мавжуд ҳолатга қараб, улар намунали, ўртаҳол ва муаммоли оилаларга ажратилди. Ҳозирда муаммоли оилаларни ўртаҳол, ўртаҳол оилаларни эса намунали оилаларга айлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам шундай йиғилишлар ўтказилди.

А.Худойқулов, ЎзА
5 373