ЎзА Ўзбек

24.07.2018 15:43 Чоп этиш версияси

Чинозда учта сайёҳлик объекти иш бошлади

Чинозда учта сайёҳлик объекти иш бошлади
Тошкент вилояти Чиноз туманида замонавий “Аквапарк“ ва 2та дам олиш маскани фойдаланишга топширилди.

Туризм йўналишидаги спорт-соғломлаштириш ва оилавий дам олишга ихтисослашган мазкур тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 50дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. 

Мамлакатимизда туризмни жадал ривожлантиришга, бу борада ҳудудларнинг ишга солинмаган табиий имкониятларидан самарали фойдаланишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори бу борада муҳим дастуруламал бўлаётир. 

Мазкур қарор ижроси юзасидан Чиноз туманида туризмни ривожлантириш бўйича 2018-2019 йилларга мўлжалланган махсус дастур ишлаб чиқилган. Дастурда белгиланган лойиҳалар амалга оширилиши ҳисобидан туманда сўнгги пайтларда туризм йўналишидаги тадбиркорлар сафи кенгайиб бормоқда.

Муқимий номидаги фермер хўжалиги раҳбари М.Эрхўжаев ана шундай тадбиркорлардан бири. У спорт-соғломлаштириш маскани ва аҳоли, айниқса, болаларнинг мириқиб ҳордиқ чиқариши учун барча қулайликларга эга бўлган замонавий аквапарк ташкил этди. 2 гектар майдонда барпо этилган ушбу мажмуа қурилишига 1 миллиард 400 миллион сўм маблағ йўналтирилди. 

– Чиноздан пойтахтгача қарийб бир ярим, икки соатлик йўл, – дейди М.Эрхўжаев. – Туман аҳолиси фарзандларини пойтахтдаги кўнгилочар масканларга айлантириб келиши учун эса ярим кундан ортиқ вақт кетади. Шу боис, кўпчилик бунга ҳафсала қилмайди. Бу масалани енгиллаштириш мақсадида кўпдан буён аквапарк ташкил этиш ҳақида ўйлаб юрар эдим. Мамлакатимизда соҳага қаратилаётган эътибор, бу борада тақдим этилаётган имтиёзлар ушбу режани амалга оширишда қўл келди. 

Чиноз тумани географик жиҳатдан қулай – Сирдарё дарёси бўйлаб жойлашгани боис ҳудудда туризмни ривожлантириш учун табиий имкониятлар етарли. Бугунги кунда туман тадбиркорлари ушбу имкониятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, “ФАВОРИТE” масъулияти чекланган жамияти томонидан Сирдарё бўйидаги қарийб 7 гектар майдонда 40 ўринга мўлжалланган, “ОРХИДEЯ ЛЮКС” масъулияти чекланган жамияти томонидан эса 3,7 гектар майдонда 80 ўринли “СУНБУЛА” дам олиш маскани бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. Эндиликда ушбу дам олиш масканига ташриф буюрувчилар бу ерда ташкил этилган ҳавзаларда чўмилиши, сунъий кўлда балиқ тутиши ва катамаранда сайр қилиши, шунингдек, соғлиғини тиклаш учун зарур хизматлардан фойдаланиши мумкин бўлади. 

Маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида 2018-2019 йилларда ана шундай 585та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Айни пайтга қадар шундан 55 сайёҳлик объекти фойдаланишга топширилган. 

А.Худойқулов, ЎзА
5 136